Олий суд янги таклиф билан чиқди
Олий суд маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарор устидан шикоят бериш муддатини 10 кунга қисқартишни таклиф этмоқда.
Олий суд томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида қонун лойиҳаси эълон қилинди.
Лойиҳада Кодекснинг 324 прим 3-моддаси биринчи қисмидаги «йигирма сутка» деган сўзлар «ўн сутка» деган сўзлар билан алмаштириш таклиф этилмоқда.
Амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 324 прим 3-моддасининг биринчи қисмига кўра, биринчи инстанция судининг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан апелляция шикояти (протести) қарор ўқиб эшиттирилган кундан эътиборан йигирма сутка ичида, ўзига нисбатан суд қарори чиқарилган шахс ва жабрланувчи томонидан эса, қарорнинг кўчирма нусхалари уларга топширилган ёки улар томонидан ушбу кўчирма нусхалар олинган кундан эътиборан худди шу муддатда берилиши мумкин.
Лойиҳа муаллифи нима учун муддат қисқартирилаётганини «Суд қарорлари устидан апелляция ёки кассация шикояти (протести) бериш тартиби жорий этилаётгани сабабли, апелляция шикояти (протести)ни бериш муддати қисқартирилмоқда», дея изоҳлаган.
Қонун лойиҳасининг муҳокамаси 27 октябрга қадар давом этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter