Олий суд Бўстонлиқдаги «буз-буз»лар бўйича баёнот берди
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «буз-буз»лар бўйича баёнот берди.
Унда қайд этилишича, бир неча кундан буён Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига уюштирилган пресс-тур, ушбу тадбирга Олий суд раҳбариятининг иштироки, шунингдек, ноқонуний қурилишларга нисбатан кўрилаётган қонуний чора-тадбирлар ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий судига кўра, ҳар кимнинг эркин фикр айтиш ҳуқуқидан келиб чиқиб, билдирилаётган фикр-мулоҳазаларга ҳурмат билан ёндошилади. Шу баробарида, суд тизими фаолияти хусусидаги айрим фикрларга ойдинлик киритиш лозим топилган.
Баёнотда Бўстонлиқдаги «буз-буз»лар юзасидан билдирилаётган фикр-мулоҳазалар баъзи ҳолларда одоб-ахлоқ меъёрларидан четга чиқиб, ҳатто жамиятнинг фаол аъзолари, хусусан, депутат мақомидаги инсонлар томонидан ҳам билдирилаётгани алоҳида таъкидланади.
Қайд этилишича, Бўстонлиқ туманига уюштирилган пресс-тур ташкилотчиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди эмас. Айни тадбирдан кўзланган асосий мақсад аҳолига холис ва ҳаққоний ахборот етказиш, бу жараёнда ноқонуний қурилмаларни бузиш юзасидан Олий суд судьялари томонидан қабул қилинган суд қарорларига тушунтириш бериш бўлгани боис, Олий суд раҳбарияти ташкилотчи-ишчи гуруҳининг, пресс-тур иштирокчилари бўлган журналист ва блогерларнинг талабига кўра, унда иштирок этиш ҳақидаги таклифни (янаям аниқроғи, хабарни) қабул қилган. Қолаверса, суд ҳужжатларига тушунтириш бериш суднинг тўғридан-тўғри ваколатига киради.
«Шунга қарамай, ҳуқуқий тушунтиришларни гўёки суд органи ижроия ҳокимиятига «адвокатлик қилиш» тариқасида талқин қилиб, бу ҳақда ижтимоий тармоқлар орқали бонг уриш, юмшоқ қилиб айтганда, масъулиятсизликдан бошқа нарса эмас.
Иккинчидан, Бўстонлиқдаги айрим қурилмаларни бузишга оид низолар ўша жойнинг ўзида, яъни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилмоқда. Аслида сайёр суд мажлислари томонларга қулайлик яратиш мақсадида ташкиллаштирилади. Бироқ ўтказилган сайёр суд мажлислари моҳиятини тўғри тушунмай, кенг жамоатчиликка судьяларни гўёки «ҳашарга келган шахс» сифатида талқин этишни бир томондан, ҳуқуқий саводсизлик, иккинчи томондан, суд обрўйига путур етказишга уриниш, деб баҳолаш мумкин.
Учинчидан, низоларни биринчи инстанцияда Олий суд томонидан кўриб чиқилаётгани – суд қарорларига нисбатан томонларнинг шикоят бериш ҳуқуқини чекламайди ва бу пресс-тур жараёнида масъул шахслар томонидан алоҳида қайд этилган.
Ниҳоят, тўртинчидан, амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибга риоя қилмасдан эгаллаб олинган ер участкалари ва бажарилган қурилишларни бузишдан ўзгача тартиб белгиланмаган. Суд қарорлари асосида бузилиши белгиланган қурилмаларга оид ҳужжатлар қалбакилаштирилгани, бунинг ортидан ўнлаб шахсга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, бир қанча шахслар ҳибсга олингани инкор этиб бўлмайдиган фактдир.
Суд қарори билан бузилиши белгиланган иморатларнинг биронтаси одам яшаётган хонадон эмас, балки аксарияти қуриб биткизилмаган қурилмалар, битказилгани ҳам дала ҳовлиларни ташкил этади. Ушбу қурилмалар қалбаки ҳужжатлар асосида 2019 йилнинг охирида қад ростлаган (буни «google maps» тизими орқали аниқлашнинг мураккаб жойи йўқ), бунга шубҳа қилганлар «Сил касалликлари сиҳатгоҳи»га тегишли ерни талон-тарож қилинишига панжа орқасидан қараётган мутасаддилар билан суҳбатлашиш билангина чекланмасдан жиноят ҳамда фуқаролик иши материаллари билан танишиб, сўнг фикр билдирсалар, мақсадга мувофиқ бўлур эди. Батафсил сўраб-суриштирмасдан, масалани ҳар томонлама ўрганмасдан фикр билдирилаётгани жамоатчиликда нотўғри тасаввур ҳосил бўлиши эҳтимолини пайдо қилмоқда. Ушбудан мақсад матбуотда тортишиш, баҳс-мунозарага киришиш эмас, балки ҳақиқий ҳолатни кўрсатишдир», — дейилади баёнотда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter