Муттаҳамлик «схема»си. Йўқ қарздорлик қандай қилиб «бўйинга илинади»?
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (МИБ) мутасаддилари учун кеча бошқача кун бўлди. Бир томондан Бюронинг Самарқанддаги ходими билан боғлиқ кўнгилсизлик, иккинчи томондан суд қарори ижроси жараёнида Андижонда содир бўлган воқеликка оид шов-шувлар бошланган пайтда МИБ раҳбарияти Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида (АОКА) оммавий ахборот воситалари ходимлари учун махсус брифинг ўтказаётган эди.
Брифинг «Коммунал соҳадаги асоссиз қарздорликлар, уларнинг келиб чиқиши сабаблари ва бартараф этиш бўйича қилинаётган ишлар» мавзуида эдики, мазкур тадбир тафсилотлари юқорида қайд этилган икки воқелик шов-шувлари остида қолиб кетаётгандек... Ваҳоланки, кечаги брифинг аҳамияти жиҳатидан «иккинчи план»да қолиб кетадигандиган эмас. Ахир унда аҳоли бўйинига йўқ жойдан «илиб» қўйилаётган қарздорлик ҳақида гап кетди.
Аввалига изоҳ берилди: «асоссиз (нореал) қарздорлик» – бу таъминотчи корхоналар томонидан истеъмолчиларга (аҳолига) аслида етказиб берилмаган энергия ресурслари учун «шаққиллатиб» тўлов ҳисобланиши оқибатида пайдо бўлган (қарз) миқдоридир (жайдари тилда айтилганда, қип-қизил муттаҳамлик!). Сўнг бундай қарздорлик юзага келиши сабаблари саналиб, энг асосий омил тариқасида тизимдаги талон-торожликлар кўрсатилди. Яъниким, талон-торожлик қилинган табиий газ ёки электр пули аҳолига «сочиб юборилади».
Бунақа «схема» натижасида истеъмолчи ва таъминотчи корхоналар ўртасида озмунча жанжал бўлмаяптими?!
Муаммо етилиб-чирсиллаб, боз юқори доираларгача етиб боргач, ҳукумат топшириғи асосида (12.03.2018 й.) истеъмолчиларга асоссиз (нореал) ҳисобланган қарздорликни хатловдан ўтказиш бўйича Идоралараро қўшма фармойиш тасдиқланди. Ва шу асосда вазият жиддий ўрганишга киришилдики, бунда асосий юк Мажбурий ижро бюросига тушгани маълум.
Мана, натижаси: ўтказилган хатловларга кўра, аҳоли гарданига электр энергияси учун 545 млрд. сўм, табиий газ бўйича 430,8 млрд. сўм асоссиз қарздорлик «илиб» қўйилгани аниқланди. Умумий ҳисобда Бюро органлари томонидан фойдаланилмаган энергия ресурслари учун истеъмолчиларга асоссиз ҳисобланган жами 1 трлн. 342 млрд. сўм нореал қарздорлик ечилиб, уларнинг ҳуқуқлари тикланди. Аниқланган суиистеъмолчиликлар, талон-торожликлар бўйича 146 та жиноят иши қўзғатилди.
Шу билан муаммога ечим топилдими? Қаёқда! Самаралироқ чора топилмас экан, «йўқ жойдан қарздор»лик яна бўй кўрсатаверади. Шундай чора борми? Ҳа.
Хўш?
Маълумки, давлат раҳбарининг «Электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилганига уч йилдан ошди. Мазкур ҳуқуқий ҳужжат билан жойларда истеъмолчиларнинг электр энергия истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган (АСКУЭ) тизимига уланиш жараёнлари бошланганди. Ҳозиргача Бюро таъминотчи корхоналар билан ҳамкорликда республикамизда 2 млн. 700 мингдан ортиқ электр энергияси истеъмолчиларига электрон ҳисоблагичлар ўрнатилиб, шундан 1 млн. 363 мингтаси автоматлаштирилган тизимга уланган.
Жараён ниҳоясига етгунча «Ўзингга ҳушёр бўл, қўшнингни ўғри тутма» ҳикматини тез-тез эслаб туришга тўғри келади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter