Карантин шароитида «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси мақсадга мувофиқми?
Камина жиноят ишларига ихтисослашган адвокатлардан. Шу боис иқтисодиёт, хўжалик ва бошқарув тартибига қарши жиноятларни содир этганликда айбланиб, 1-сонли тергов ҳибсхонасида (халқ тилида «Тоштурма»да) сақланаётган (сақланган) ҳимоям остидаги шахслар билан тез-тез учрашиб тураман. Шунда уларнинг аксарияти тергов ҳибсхонаси овқатлари сифатига қониқмасдан, уйидан емиш келтиришга мажбур бўлишларини билдирса, бошқалари ҳафтада бир кунгина китоб берилишидан, бериладиган китобларнинг эса айрим варақлари йиртилганлигидан норози (тасаввур қилинг, бир китобни ўқишни бошладингиз, энди қизиқиб ўқиётганингизда навбатдаги варақлари йўқ...), яна кимлардир эса парҳез таомлар, мунтазам малакали мутахассис кўриги ёки махсус дори-дармон ва муолажаларга эҳтиёж сезадиган қандли диабет ёки юрак етишмовчилиги хасталиклари бўлса-да, бунақа шароит йўқлигидан оғринади...
Албатта, бир томондан қараганда, ҳибсхона «курорт» эмас-ку, у ерда ким шароит қилиб беради, дейишимиз мумкин. Аммо, озгина мулоҳаза қиладиган бўлсак, у жазо муассаси ҳам эмас: бу ердагиларнинг айби ҳали суд томонидан тасдиқланмаган (Айбсизлик презумцияси эса бевосита Конституцияда белгиланган меъёр). Чунончи, дастлабки терговда эълон қилинган айб — шахс ҳали жиноятчи дегани эмас. Қолаверса, айблов эълон қилинганлар ҳар доим ҳам айбдор бўлавермайди. Баъзан улар тергов хатоси билан айбланиб қолсалар, баъзан эса, сир эмас-ки, айрим нопок терговчилар гумон қилинувчи ёки айбланувчиларга нисбатан ҳам ғайриқонуний тазйиқ ўтказишга шароит яратиш учун қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш пайида бўладилар...
Аммо ҳозир гап бунда эмас. Ҳозирги карантин ва чекловлар даврида тергов ҳибсхоналаридагиларнинг аҳволи долзарб масалага айлангани хусусида. Бизку, ташқи муҳитдан узилсак-да, уйда вақтимизни қандай чоғ ўтказиш «дард»и билан овворамиз. Аммо уйдагилари билан алоқалари узилган, учрашувлар бекор бўлган шароитдаги ҳибсларнинг аҳволи қандай экан?
Ўзига шу саволни бериб кўрган ҳар қандай одам юртимиз бошига оғир синов тушиб турган шу кунларда ҳибсхоналарда сақланаётганларга ҳам инсонпарварлик кўрсатиш ҳақида оз бўлса-да, ўйлай бошласа керак. Жумладан, маҳбуслар шароити ҳақида кўпроқ тасаввурга эга инсон сифатида менга жамият учун катта хавф туғдирмайдиган айбланувчиларга нисбатан қўлланган ва қўлланилаётган эҳтиёт чорасини қамоқ билан боғлиқ бўлмаган чоралар билан алмаштириш лозимдек кўринади (оғир ва ўта оғир жиноятларда айбланаётганларнинг «иши» алоҳида масала). Шунда ҳибсдагиларни сақлаш учун ишлаётган ходим ва ресурсларни ҳам бошқа самаралироқ мақсадларга сафарбар этиш мумкин бўлади.
Шу ўринда «улар ростдан ҳам жиноят содир этганликда айбдор бўлиб чиқса-чи?» деган савол ва ҳадик ҳам туғилиши мумкин. Тўғри, агар айбдорлиги тасдиқланган бўлса, улар албатта жазоланиши шарт. Лекин пировард мақсадимиз жазолаш эмас, балки инсонни тарбиялаш, тўғри йўлга қайтариш экан, ҳали айби исботланмаганларни ҳибсга олишга шошилмаслик, айниқса бугунги шароитда эса ҳожат йўқ деб ўйлайман. Қолаверса, ҳибсдагига нисбатан инсонпарварлик принципини намоён қилишимизнинг ўзи улар учун энг таъсирли дарс, сабоқ бўлиши ҳам мумкин...
Абдумалик АБДУЛЛАЕВ, адвокат
(Манба: advokatnews.uz)
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter