«Чўнтак адвокатлари» - кун тартибидан тушмаётган яна бир муаммо
Кеча Ўзбекистон Республикаси президенти расилигида одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилганидан хабарингиз бор. Унда суд-ҳуқуқ тизими, хусусан, унинг муҳим таркибий қисми бўлмиш адвокатура соҳасига доир муаммолар ҳам тилга олинди.
Адвокатура муаммолари тилга олинар экан, аввало кадрлар танқислиги ва сифати масаласига эътибор қаратилди. Мамлакатимизда бугунги кунда 4 минг атрофида адвокат фаолият юритиши, яъни аҳоли жон бошига ҳисоблаганда 8,5 минг кишига ўртача 1 та адвокат тўғри келиши, уларнинг ҳам 43 фоизи (1 минг 733 нафари) Тошкент шаҳрида иш олиб бориши, Самарқанд, Андижон, Термиз, Нукус, Миришкор, Зафаробод, Узун каби 20 та туманда бирорта ҳам адвокатлик фирмаси рўйхатдан ўтмагани айтилди.
Йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев муаммо ечими сифатида адвокатлик фаолиятини бошлаши учун ёш мутахассислардан 2 йил юридик стаж талаб этишни бекор қилиш, талабаликдан адвокат ёрдамчиси сифатида амалиёт ўташ тартибини жорий этиш, шунингдек, юридик олий ўқув юртларида «адвокатлик фаолияти» мутахассислиги бўйича магистрлар тайёрлаш лозимлигини айтган.
Кўрилган яна бир масала соҳанинг оғриқли нуқталаридан бири — «чўнтак адвокатлари»га дахлдор. Давлат томонидан тақдим этилган адвокатларни танлашнинг очиқ-ошкора тартиби йўқлиги боис айрим терговчилар ўзига таниш адвокатларни чақириб, айбланувчига таъсир ўтказиш ҳоллари учраб туради. Селекторда эълон қилинишича, Тошкент шаҳрида ўтган йили давлат томонидан адвокатларга 7 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилган бўлса, ушбу маблағнинг тенг ярми 20 та адвокатлик фирмасига берилган (ҳолбуки пойтахтда 746 та фирма мавжуд).
Шу сабабли тегишли вазирликларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни электрон танлаш тизимини ишга тушириш топшириғи берилди. Бу дастлаб пойтахтда эксперимент тариқасида жорий этилади.
«Аdvokatnews.uz»га кўра, инсон омилини истисно этувчи бундай автоматлаштирилган тизимни яратиш бир неча йилдан бери кун тартибида бўлиб, юқорида тилга олинган Дастур доирасида Адвокатлар Палатаси томонидан ишлаб чиқилган Йўл харитаси билан, 2021 йил январгача бу борада тегишли қонун ҳужжатини қабул қилиш белгиланган эди.
Шунингдек, видеоселекторда ўта оғир жиноятда айбланаётган шахсларнинг иши бўйича, ундан ташқари, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётган ҳолатларда ҳам адвокат иштирокини мажбурий этиб белгилаб қўйиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Расмий хабарларга кўра, йиғилишда адвокатлик фаолияти жозибадорлигини ошириш, бу касб эгаларининг ҳимояси ва кафолатини кучайтириш бўйича қонун ҳужжатлари пакетини ишлаб чиқиб, муҳокамага олиб чиқиш тўғрисида кўрсатма берилган. Бу бўйича тегишли чора-тадбирларга Президент қарори ва Йўл харитаси лойиҳаларида кенг ўрин берилганини ҳисобга олсак, видеоселекторда берилган топшириқлардан сўнг ушбу ҳужжатларнинг қабул қилиниши тезлашишидан умид қилиш мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter