Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бош шифокорга оид шов-шувли жиноят иши судга оширилди. Судланувчи битта эмас

Бош шифокорга оид шов-шувли жиноят иши судга оширилди. Судланувчи битта эмас

Фото: «Kun.uz»

Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг бош шифокори — вилоят бош инфекционисти лавозимида ишлаган Гулжаҳон Йўлдошева ва бошқаларга нисбатан суд жараёни бошланди.

Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати маълум қилди. Ушбу иш жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар суди раиси С. Авлакулов раислигида кўрилмоқда.

Жиноят иши доирасида Г. Йўлдошевадан ташқари Ш. Рўзметов (1990 йилда Хоразм вилоятида туғилган, Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси шифокори лавозимида ишлаган), Ж. Зиядуллаев (1986 йилда Тошкент вилоятида туғилган, Тошкент вилояти Кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокори лавозимида ишлаган),  А. Дадаматов (1990 йилда Тошкент вилоятида туғилган, Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси собиқ бош ҳисобчиси, Қибрай тумани тиббиёт бирлашмаси бош ҳисобчиси вазифасини бажарувчиси бўлиб ишлаган) ва Ж. Акимова (1977 йилда Тошкент вилоятида туғилган, Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси бош ҳисобчиси вазифасини бажарувчиси бўлиб ишлаган)  ҳам судланувчи тариқасида жалб этилган. Улар Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги),  116-моддасида (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) ва 228-моддасида (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқдалар.

Суд жараёни давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг август ойида Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг бош шифокори — вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева ҳибсга олиниши ортидан катта шов-шув келиб чиққанди. Орадан бир ой ўтиб, жамоатчиликнинг босими натижасида олти фарзанднинг онаси бўлган Г. Йўлдошевага нисбатан қўлланган «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси «уй қамоғи»га ўзгартирилади. Унга нисбатан  қўлланган эҳтиёт чораси ўзгартирилган куни эса Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг бошқа шифокори  «тиқиб» қўйилганидан ҳам кўпчилик бохабар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг