Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Америкалик ҳарбий Оқ уй қаршисида очлик эълон қилди

Америкалик ҳарбий Оқ уй қаршисида очлик эълон қилди

АҚШ Қуролли кучлари учувчиси Ларри Ҳеберт Оқ уй қаршисида очлик эълон қилди. У президент Жо Байденнинг Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларини сўзсиз қўллаб-қувватлаб келаётганига шу тариқа норозилик билдирган.

«Ғазо секторида тинч аҳоли вакиллари бомба ва ҳужумларга нишон бўлаётгани, очликка маҳкум этилгани сабаб очлик эълон қилдим», – деган АҚШнинг Испаниядаги ҳарбий базасида хизмат қилиб келган Ларри Ҳеберт.

У Ғазода урушни тўхтатиш ва АҚШ томонидан Исроилга қурол етказишни бас қилишни талаб қилган.

Л.Ҳеберт Ғазо аҳолисини қўллаб-қувватлагани учун қамоққа ҳукм қилиниши мумкинлиги, аммо кўп сонли одамлар мушкул вазиятда эканида томошабин бўлиб тура олмаганини айтган.

26 ёшли ҳарбий инсонпарварлик фаолияти, ибратли хулқи ва терроризмга қарши глобал курашдаги хизматлари учун медаллар билан тақдирланган.

АҚШ ҳарбий ва сиёсий доираларида Оқ уйнинг Яқин Шарқдаги сиёсатига норозилик акцияси биринчи марта кузатилаётгани йўқ.

Жорий йил 25 февраль куни АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари учувчиси Аарон Бушнелл Исроилнинг Вашингтондаги элчихонаси қаршисида ўзига ўт қўйган эди. Куйиш оқибатида вафот этган А.Бушнелл ҳам «Оқ уйнинг Ғазо секторида Исроил томонидан амалга оширилаётган қатлиомни қўллаб-қувватлангани»га эътироз билдирган.

Аввал хабар берганимиздек, бир муддат олдин Давлат департаментининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича бюроси директори Жош Пол Вашингтоннинг Исроилга ҳарбий кўмакни ошириш ҳақидаги қарорига норозилик ифодаси сифатида ўз ихтиёри билан истеъфога чиқди. 11 йил давомида масъул лавозимда ишлаб келган Ж.Полга кўра, Исроилга ошиғич равишда қирғин қуроллари берилиши адолатсиз қарор бўлиб, бу АҚШ олий деб билган қадриятларга ҳам зид саналади.

Исроил армияси 2023 йилнинг 7 октябрь куни ҲАМАСнинг ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирганидан буён 33175 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, 75886 нафари жароҳатланди. Олти ойдан буён давом этаётган бомбардимонлар 14 мингдан зиёд болалар, 9200 дан зиёд аёллар ҳаётига зомин бўлди.

Халқаро ташкилотлар Исроил маъмуриятини халқаро гуманитар ҳуқуқни поймол этишда айбламоқда. Айни чоқда, яҳудий давлати армиясини қуроллантираётган биринчи рақамли мамлакат – АҚШдан қурол-аслаҳа етказишни тўхтатиш талаб қилинмоқда.

Жумладан, Oxfam ҳамда Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Оқ уйга шундай чақириқ йўллади. Мазкур ташкилотлар Исроил бомбардимонларида минглаб фаластинлик тинч аҳоли вакиллари ўлдирилганини қайд этиб, Тель-Авив Вашингтон томонидан етказилаётган қуроллардан халқаро ҳуқуқ меъёрлари доирасида истифода этишини савол остига олган.

Жаҳон матбуоти хабарига кўра, халқаро ҳамжамият эътирозига қарамай, АҚШ Исроилни ими-жимида қуроллантиришда давом этмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг