Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Адвокатура соҳасида яхши янгиликлар бор

Адвокатура соҳасида яхши янгиликлар бор

Ниҳоят «Адвокатура институтини янада такомиллаштириш ва адвокатлар мақомини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Бу ҳақда Davletovuz каналида хабар берилган.

Унга мувофиқ, охирги баҳс-мунозаралардан сўнг адвокат жиноят ишига гумон қилинувчи ёки айбланувчи сифатида жалб қилинган тақдирда суднинг санкцияси асосида амалга оширилади. Бунда адвокатнинг уй-жойида, хизмат хоналарида, транспорт воситаларида тинтув ўтказиш, кўздан кечириш Адвокатлар палатаси вакилининг иштирокида ўтказилади.

2020 йил 1 сентябрдан адвокат бўлишни истаган шахслар учун адвокатлик тузилмаларида мажбурий уч ойлик стажировка муддати сақланган ҳолда юридик мутахассислик бўйича икки йиллик иш тажрибасига эга бўлиш тўғрисидаги талаб бекор қилинади.

Адвокат сўровига адвокат ордери нусхасини илова қилиш тўғрисидаги талаб ҳамда сўровда адвокатлик сирини ташкил этувчи маълумотларни киритиш тўғрисидаги талаб бекор қилинади ҳамда бир вақтнинг ўзида сўровга адвокат гувоҳномасининг маълумотларини киритиш талаби жорий қилинади.

Адлия органларининг адвокатлик тузилмалари томонидан таъсис ҳужжатларига, устав фаолиятига, рўйхатга олиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартибига риоя этиши устидан назоратни амалга ошириш ваколатлари, шу жумладан, рўйхатга олиш тартибини бузганлик ва адвокатлик тузилмаларининг таъсис ҳужжатлари талабларига риоя этмаганликлари учун жарималар ундириш бўйича ваколатлари бекор қилинади.

Адвокат судлар, бошқа барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва нодавлат органлари, муассасалари ва ташкилотлари биноларига иш вақтида ўзининг касбий фаолиятини амалга оширишидаги зарурият сабабли ҳеч бир тўсқинликсиз (фақат адвокат гувоҳномасини тақдим этиш билан) кириш ҳуқуқига эга.

Адвокат ўз касбий фаолиятини амалга ошириши учун зарур бўлган компьютер, электрон, мобил ва бошқа алоқа қурилмаларини ҳамда техника воситаларини судлар, бошқа барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва нодавлат органлари, муассасалари, ташкилотлари биноларига тўсқинликсиз олиб кириш ҳуқуқига эга.

Яхши гаплар кўп, хуллас.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг