Адвокатларнинг судга телефон олиб киришига рухсат берилди
Адвокат ўз профессионал фаолиятини амалга ошириши учун очиқ суд мажлисларига компьютер, мобиль ва бошқа алоқа воситаларини монеликсиз олиб кириш ҳуқуқига эга бўлди.
«Норма» нашрининг хабар беришича, cудлар, суд процесслари ва улар иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш тартиби тўғрисидаги йўриқномага тегишли ўзгартиришлар киритилди.
Белгиланишича, адвокат ўз профессионал фаолиятини амалга ошириши учун, Жиноят-процессуал кодекснинг 19-моддасига (очиқ ва ёпиқ суд мажлислари ўтказилишини тартибга солади) қатъий риоя этган ҳолда, суд биносига компьютер, мобиль ва бошқа алоқа воситаларини монеликсиз олиб кириш ҳуқуқига эга. Ёпиқ суд мажлислари бундан мустасно. Бунда қайд этилган қурилмалардан суд биноси ичкарисида фойдаланиш суд жараёнини ўтказиш тартибини бузмаслиги керак, суд залида овозларни ёзиб олиш, фотосуратга, видеоёзувга ва кинога олишга эса, илгаригидек, фақат суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан йўл қўйилади.
Шуниси эътиборга лойиқки, аудиоёзув воситалари фақат суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан бошқа фуқаролар томонидан суд биносига олиб кириладиган буюмлар рўйхатидан чиқариб ташланди. Бундан ташқари, белгиланишича, суд мажлисини оммавий ахборот воситаларида трансляция қилиш энди «қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда» амалга оширилади. Илгари бунга раислик қилувчи рухсат бериши мумкин эди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2018 йил 26 июлдан кучга кирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter