Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Адвокатга тажовуз қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши керак!

Адвокатга тажовуз қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши керак!

Фото: «News24UA»

Республикамизда адвокатларнинг шахсий дахлсизлиги билан боғлиқ қонун нормаларининг ишлаш механизми тартибга солинмаган ва бу кўп ҳолларда суд-ҳуқуқ тизимида адолат тамойилларининг бузилишига сабаб бўлаяпти.

Жумладан, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган адвокатларнинг оммавий муаммолари шундан иборатки, ҳуқуқ-тартибот соҳасига алоқадор деярли барча давлат идоралари ва муассасалари (суд, прокуратура, ИИВ, ДХХ, ДСҚ, божхона, ҳарбий қисм, ҳарбий суд кабилар) ўз ички тартиб-қоидаларига юқорида қайд этилган қонунлар талабларига зид равишда адвокатнинг ҳуқуқларини чекловчи нормаларни киритиб олишган.

Натижада бу соҳалар ходимлари иш жараёнида ана шу қонуности ҳужжатларини важ қилган ҳолда адвокатларнинг учун ҳатто ўз идораларига кириб-чиқишигача чекловларни қўллайдилар. Яъни адвокатга ҳам оддий фуқаролар билан бир хил талаблар қўйилади.

Масалан, адвокат қайсидир муассасада ушлаб турилган ўз ҳимоясидаги шахслар билан ЖПКнинг 53-моддаси 2-қисмида белгиланган тартибда холи учрашиш учун у ерга бемалол кириб-чиқа олмайди. Бу борадаги ўз ҳуқуқидан фойдаланмоқчи бўлган адвокатдан қонунга зид равишда янги ордер талаб қилиниши етмагандек, ҳимояланувчиларнинг кўз ўнгида унга ҳурматсизлик кўрсатиш, руҳий таъсир ўтказиш мақсадида ўринсиз тинтув ўтказиш, досьеларни кўздан кечириш, кийим-бош ва чўнтакларини текшириш одатий ҳолга айланган. Бундай ҳолда адвокатнинг мустақиллиги ва обрўси ҳақида гапириш мумкинми?

Бунинг устига, Адлия вазирлигида 2018 йил 15 мартда руйхатдан ўтказилган «Судлар, суд процесслари ва улар иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш тартиби тўғрисидаги йуриқнома»да ҳам бирор-бир жойда адвокат ҳуқуқлари ҳақида сўз йўқ. Ҳатто йўриқноманинг кимлар ва қандай ҳужжатлар асосида суд биносига кириши ҳақидаги бўлимида ҳам адвокат тилга олинмаган. Нима, адвокат суд мажлисига кирмайдими? Ёки унинг шахсий хавфсизлиги суд томонидан таъминланмайдими?..

Аввалги қонун ва қонуности ҳужжатлари нормаларидаги муаммоларни бартараф қилиш у ёқда турсин, янги ҳужжатларда ҳам бу каби ҳолатларга йўл қўйилаётганини қандай тушуниш мумкин?

Шунингдек, бугунги кунда адвокатнинг шахсига ҳам хавф мавжуд. Ҳатто унинг жонига қасд қилиш ҳолатлари қайд этилмоқда. Айниқса, андижонлик адвокатлар ўз ҳамкасблари Камолиддин Худойбердиевнинг фожиали тақдирини ҳеч қачон унутмаса керак. Зеро, узоқ йиллик тажрибага эга бўлган бу жасур адвокат тарафларни яраштириш билан боғлиқ ҳаракатлари учун қарама-қарши томондан қатнашган шахс томонидан пичоқланиши натижасида ҳаётдан кўз юмди. Адвокатни ўлдиргани учун озодликдан маҳрум этилган шахс (у илгари ҳам бир неча марта судланган экан) яқин орада қамоқдан чиқиб ҳам келади. Лекин касби туфайли қурбон бўлган адвокатнинг оиласига бирор-бир ёрдам кўрсатилдими? Ҳеч бўлмаса, боқувчисини йўқотган бу оиланинг аҳволи нима кечгани билан биров қизиқиб кўрдими? Афсуски, бу саволларга биронта жўяли жавобимиз йўқ. Ҳеч бўлмаса унинг фожиали ўлими бирон жойда муҳокама ҳам қилинмади, ҳар тадбирда ҳозиру нозир журналистларимиз ҳам бу воқеага эътибор қаратишмади. Табиийки, унинг ўлимидан хулоса қилган ҳолда қонунларимизга ўзгартиришлар киритиш ҳақида ҳам ҳеч бир мутасадди идора ўйлаб кўрмаган бўлса керак.

Кимдир бу воқеани ягона ҳолат деб эътироз билдириши мумкин. Аммо чинакам адвокатлик билан озгина шуғулланиб кўрган одам бу гапни айтмаслиги тайин. Чунки у ўз фаолияти давомида қарама-қарши томоннинг турли кўринишдаги зуғумига деярли ҳар сафар дуч келади. Шахсан ўзим бунга кўп мисол келтиришим мумкин.

Мана, яқинда ҳам жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди биноси олдида тарафлардан бирининг вакили бўлган нотаниш шахс менга тажовуз қилишга уринди. Агар атрофдаги одамлар ва милиция ходимлари ҳимоя қилиб қолишмаганида менга ҳам жароҳат етказилиши мумкин эди. Шундай бир ҳолатда адвокатнинг дахлсизлик ҳуқуқи таъминланган деб ҳисоблаш мумкинми? Қолаверса, жиноятчилар борган сари профессионал бўлиб бормоқда.

Шулардан келиб чиққан ҳолда Жиноят кодексига айрим ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни таклиф қиламиз.

Жумладан, Жиноят кодексига худди Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг «Адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилиш» тўғрисидаги 1971-моддасига ўхшаш алоҳида модда киритиш лозим.

Таклиф этилаётган мазкур норманинг 1-қисми диспозициясида адвокат сўровига ўз вақтида жавоб бермаслик, адвокат илтимосномасини муҳокама қилмаслик, унга бефарқ бўлиш, адвокат ва унинг фаолиятига нисбатан ҳурматсизлик қилиш, суд ва тергов органлари томонидан адвокатнинг иш вақтини сабабсиз ўғирлаш (масалан, суд ёки тергов биносига эрталабдан чақириб олиниб, ишни шу куни кечки пайтга борганда кўриш каби ҳолатлар) назарда тутилиши керак бўлади.

Норманинг 2-қисми диспозициясида эса суриштирувчи, терговчи, прокурор, ИИБ, ДХХ ва бошқа давлат органлари ходимлари ҳамда фуқаролар томонидан адвокатларнинг дахлсизлигига нисбатан ҳар қандай кўринишдаги аралашиш, таҳдид қилиш, қўрқитиш, ҳимоядан воз кечишга мажбурлаш каби ҳаракатлар содир этилгани учун жиноий жавобгарлик ва жазо белгилашни назарда тутиш лозим.

Таклиф этилаётган янги норманинг 3-қисмида адвокатнинг ҳаёти ва соғлиғига тажовуз қилиш, уриш, дўппослаш, жароҳат етказиш ва ўлдириш каби қилмишлар учун жазо муқаррарлиги назарда тутилиши лозим.

Шунингдек, бу каби нормалар Фуқаролик процессул кодекси, Иқтисодий процессуал кодекс ва адвокатлик фаолиятига алоқадор бошқа қонун ҳужжатларида ҳам акс этмоғи лозим.

Тоҳирбек Тожибоев,
«Himoya» адвокатлик фирмаси бошқарувчиси, адвокат


«Advokat» журналининг 2018 йилги 2-сонидан олинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг