Адвокат: «Яна бир саботаж. Президент топшириғи нега қарорда ўзгартирилди?»
Куни кеча, 3 сентябрда «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» Президент қарори қабул қилинди. Адвокат Усмонхон Салоҳиддинов «Advokatnews.uz» сайтида ушбу қарорга муносабат билдирди.
Мен бу ҳужжатни кутаётган эдим. Нафақат мен, барча адвокатлар кутаётгандик. Айниқса, бир бандини. Одил судлов тизимини шакллантириш учун ниҳоятда зарур бўлган ўзгаришни. Жорий йилнинг 30 июнь куни ўтказилган видеоселекторда Президентнинг ўзи бу борада алоҳида топшириқ ҳам берганди.
Гап — суд мажлисларининг мажбурий тартибда аудио қайд қилиниши ҳақида. Яъни, ўша топшириқ бўйича, келгуси йилдан суднинг аудиобаённома юритиши мажбурий амалиётга айлантирилиши керак эди.
Бироқ, не кўз билан кўрайки, Қарорда ушбу модда ўша, ўтда ёнмас, сувда чўкмас «формулировка»да, «суғурта» шартлар билан баён қилинганди. Яъни:
2021 йил 1 январдан судларда суд мажлиси тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб борилар ҳамда суд мажлиси баённомалари ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантирилар экан.
Жуда таниш жумлалар, шундай эмасми?..
Ҳеч нима ўзгармаяпти. Амалдаги Жиноят-процессуал кодекснинг 19-моддаси билан 1994 йилдаёқ белгиланган ва 2018 йилда бир оз таҳрирланган тартиб шундайлигича Президент қарорига кўчирилибди холос!
Суд мажлисида ҳозир бўлганлар (биринчи навбатда ОАВ вакиллари ҳамда судлашаётган томонлар) учун илтимоснома киритиш ва раиснинг розилигини олиш шарт қилиб қўйилиши унчалик катта фожиа эмас, деб ўйлайман. (Айниқса, суд тизимимиз очиқлик сари имиллаб ва базўр қадам ташлаётгани инобатга олинса). Аммо жараённинг келгусида тор доирадаги шахслар (икки тарафнинг адвокатлари, прокурор, судья) фойдаланиши учун мажбурий тартибда аудиога қайд қилишга ўтиш жамиятимизнинг ўткир эҳтиёжи эди!
Янги Ўзбекистоннинг суд тизими учун адолат ва қонунийликни таъминлаш йўлида олдинга катта қадам бўлур эди бу!
Ўтган йили ишлаб чиқилган суд жараёнларини ТВ, радио ва интернетда очиқ трансляция қилишни йўлга қўйиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йўлакларида қолиб кетди. Азамат депутатларимиз дафъатан ҳушёр тортиб, «инсоннинг шахсий ҳаёт дахлсизлигига зид нормалар бор» деган баҳона билан лойиҳани яроқсизга чиқаришди ва ўшандан бери ҳужжатнинг тақдири ҳақида лом-мим дейилмаяпти. Кўп ҳамкасблар ўша лойиҳанинг қонун шаклига киришидан умид узиб бўлган ҳам...
Лекин лоақал аудиобаённомани мажбурий қилиш мумкин-ку? Видеоқайдномадан фарқли ўлароқ, бунга катта маблағ керак бўлмайди. Хоҳиш керак холос.
Аудиобаённома юритилиши йўлга қўйилса, қанчадан-қанча процессуал қоидабузарликлар, келишмовчиликлар барҳам топишини, судья ва прокурорлар ҳушёр тортиб, холис ва бетараф бўлишга интилишини, коррупция омиллари кескин камайиб, суд-ҳуқуқ тизимимиз чандон тозаланишини айтмасам ҳам биласиз.
Президент Шавкат Мирзиёев айнан шуларни назарда тутиб суд мажлисларини аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда мажбурий қайд этиш тизимини жорий этишни йил якунигача мажбурий тартибда амалга ошириш тўғрисида топшириқ берган эдилар.
Биз адвокатлар эса, бир нафас тин олиб, Президентимизнинг бу ташаббусини қарсаклар билан қарши олган эдик.
Ўша видеоселекторда Чироқчи ва Андижонда юз берган машъум воқеалар (беайб фуқароларнинг ички ишлар ходимлари томонидан шафқатсизларча қийноққа солиниши ва ўлдирилиши) тўғрисида ҳаммадан кўра самимий куюниб гапирган Президент, Ўзбекистонда янги жамият барпо этишга бел боғлаган давлат раҳбари сўзидан қайтганига шахсан мен ишонмайман.
Бу шунчаки САБОТАЖ!
Президент бошлаган ислоҳотларни чиппакка чиқариш мақсадида эски тузумдан қолган догматик ақидали турфа мансабдорлар томонидан амалга оширилган навбатдаги фитна деб ўйлайман.
Саботажчиларни қарор лойиҳасини тайёрлаган идора(лар)дан излаш керак.
Ва албатта, шу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳам, суд-ҳуқуқ соҳасига доир барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш жараёнига адвокатлар ҳамжамияти вакиллари кенг жалб қилиниши лозим, – деб ёзади адвокат.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter