Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

15 суткага «кесилган» шахс уч кундан бери топилмаяпти!

15 суткага «кесилган» шахс уч кундан бери топилмаяпти!

Иллюстратив фото

Маъмурий ҳуқуқбузарликда айбланиб, 15 суткага «кесилган» шахс... маъмурий қамоқни ўташ муассасасида йўқ! Муассасадагилар уни ИИББда сақланаётганини айтишган, ИИББ эса буни на рад этяпти ва на тасдиқлаяпти!

Қисқаси, Ички ишлар органларида юз берадиган яна бир ақлга сиғмас ҳолат ҳақида «advokatnews.uz» бонг урмоқда.

Айтилишича, «Madaminov Law Group» адвокатлик бюроси адвокати Мухсинжон Мадаминов МЖтКнинг 241-моддаси («Диний таълимдан сабоқ бериш қоидасини бузиш») билан маъмурий қамоқ жазосини ўтаётган шахсни уч кундан бери қидириб топа олмаяпти?!

Суд қарори 2020 йил 1 май куни  чиққан, орадан уч кун ўтиб, қамалган шахснинг қариндошлари унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши учун адвокат ёллашган (уларнинг илтимосига кўра маҳбуснинг исм-фамилияси, шунингдек суд номи кўрсатилмаяпти — таҳр.).

Дарҳол ишга киришган адвокат мижози билан кўришиш учун Тошкент шаҳар ИИББга қарашли маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус муассасага (қонун тилида — «махсус қабулхона») боради («Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида»ги қонунга биноан, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этгани учун қамалган шахслар бутун жазо муддатини шундай муассасаларда ўташлари лозим).

Бироқ махсус қабулхона ходими адвокатга унинг ҳимоясидаги шахс бу ерда эмаслигини, ИИББ биносининг ўзидаги ҳибсхонада сақланаётганини айтади!

«Аммо ИИББда менга умуман маълумот беришмади. Ҳатто карантин даври бўлгани учун юзма-юз учраштиришмаган тақдирда ҳам, телефон орқали суҳбатлашишга ҳаққим борлигини рўкач қилдим — фойдаси бўлмади», — дейди Мухсинжон Мадаминов.

Адвокатнинг айтишича, у ИИВнинг «102» ва «1102» қисқа рақамларига қўнғироқ қилиб ҳолатни тушунтирган ва ходимнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан шикоят қилган. Ўз навбатида улар ўзлари ҳам орада бир неча марта боғланиб, М.Мадаминовдан қўшимча тафсилотларни сўраб-суриштирганлар.

Бироқ ҳанузгача ҳимояси остидаги шахс топилгани йўқ.

Адвокатга кўра, айни жараёнда инсоннинг тамал ҳуқуқларидан бири бўлмиш ҳимояланиш ва малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқидан ташқари, иккита қонун талаблари ҳам қўпол бузилмоқда.

Биринчидан, 15 суткага «кесилган» ҳуқуқбузар маъмурий қамоқни ўташ муассасасида мавжуд эмас. Бу «Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида»ги қонун талабларига зид!

Иккинчидан, адвокат ҳимояси остидаги шахс билан ҳали-ҳануз учраша олгани йўқ. Бу  амалдаги «Адвокатура тўғрисида»ги қонун талаблари ва конституцион нормалар поймол бўлаётганини англатади.

Мухсинжон Мадаминов ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га шикоят қилган, шунингдек профессионал фаолиятига тўсқинлик қилиниши факти бўйича Адвокатлар палатасига хабар берган.

PS: Мухсинжон Мадаминовнинг айтишича, ҳимоясидаги шахс «диншунослик» мутахассислиги бўйича ўрта-махсус маълумотга эга бўлиб, ўз уйида 5 нафар вояга етмаган шахсга «Қуръон» ўқишни ўргатгани ва «Муаллими соний» қўлланмаси асосида таълим бергани учун жазога тортилган. Кеча, 5 май куни маъмурий иш кассация босқичида кўриб чиқилиб, биринчи инстанция судининг қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг