Инспектор воқеа жойида ушланди
Бухоро шаҳрида сохта далолатнома тузиб бериш эвазига пора талаб қилган «табиат кушандаси» қўлга олинди.
Бу ҳақда «Xabar.uz»га вилоят ИИБ ахборот хизмати маълум қилди.
Таъкидланишича, Бухоро вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Когон тумани бўлими инспектори Бухоро тумани «Работак» маҳалласида яшовчи 43 ёшли И.О. исмли шахсга бошқа бир фуқародан савдо дўкони сотиб олишига «кўмакка шай»лигини билдирган. Бухоро шаҳар Пиридастгир кўчасидан ўтувчи йўл ёқасида жойлашган савдо дўкони қуриш учун мўлжалланган ушбу ерда ўсиб турган манзарали дарахтлар ҳақиқатда қуримаган бўлса-да, уларнинг касалланганлиги ва қуриганлиги тўғрисида далолатнома расмийлаштириб берган. Ўз «хизмат»лари эвазига 500 минг сўм миқдорида пора талаб қилган.
Вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда у М-39 магистраль йўлининг Бухоро шаҳар Моҳи Хоса кўчаси кесишмасида И.О. фуқародан кимёвий ишлов берилган 500 минг сўм пулларни пора тариқасида олган вақтида қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро И.О.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter