Қизга зўрлик билан уйланмоқчи бўлган йигитга жиноят иши қўзғатилди
2021 йилнинг 4 март куни соат 10:30 ларда Сурхондарё вилояти, Денов тумани Ўрикзор МФЙ. ҳудудида 28 ёшли Абдулло Р. ўзига тегишли «Spark» русумли автомашинасида таниши, 20 ёшли Суғдиёна Х. олдига келиб тўхтаб, иккита номаълум шахслар билан унга нисбатан куч ишлатиб, мажбурлаб автомашинасига ўтирғизишади.
Суғдиёна Х. Денов туман ИИО ФМБ бошлиғи номига ёзган аризасида Абдулло Р.нинг икки нафар шериги автомашинадан йўлда тушиб қолганидан сўнг, «менга эрга тегсанг уйингга олиб бориб қўяман» деб шарт қўйиб олиб қочиб кетганлигини ҳамда у йигитдан қочиб кетиш мақсадида, унга турмушга чиқишга розилик бериб, ота-онасини ҳам рози қилишга ваъда бериб унинг қўлидан қочганлигини маълум қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Денов тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 136-моддаси (Аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов давомида, Абдулло Р. Суғдиёна Х.нинг эрга тегиб кетмаслиги учун олиб қочганлигини, унинг шериклари 25 ёшли Зухриддин С. ҳамда 18 ёшли Аслиддин Э. эканликлари аниқланган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Жиноят кодексининг нормаларига кўра, жиноятни содир этган шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter