Наманганда икки йигит ўғирлаган 16 ёшли қиз ўзини машинадан ташлаб ҳалок бўлди
Наманган вилояти Норин туманида яшовчи 18 ва 23 ёшли икки йигит 2020 йилнинг 20 декабрь куни 16 ёшли қизни олиб қочган, қиз эса улардан қутулиш учун ўзини машинадан ташлаган ва ҳалок бўлган. Бу ҳақда «Бу кун» ахборот дастурида хабар берилди, деб ёзмоқда «Дарё».
Қайд этилишича, Норин туманида яшовчи икки йигит 20 декабрь куни соат 23:30 да спиртли ичимликдан маст ҳолда туманнинг «Чангитма» маҳалласидаги хонадонлардан бирида ижарада яшаб келаётган, асли Учқўрғон туманидан бўлган 16 ёшли қизнинг олдига борган. Йигитлар қизга унинг дугонаси билан боғлиқ муҳаббат можароси ҳақида гаплашиб олмоқчи эканлиги ва бу масалада унинг ёрдами кераклигини айтган. Шундан сўнг йигитлар қизни Damas машинаси ўтказиб, уни ўғирлаб кетган.
Қиз эса йигитлардан қутулиш мақсадида юриб кетаётган машинанинг эшигини очиб, ўзини ерга ташлаган.
Қизни ўғирлаган йигитлардан бирининг сўзларига кўра, қиз ўзини машинадан ташлагач, у машинадан тушиб, қизга ёрдам бериш учун олдига борган. Иккинчи йигит эса қўрққанидан воқеа жойидан қочиб кетган.
Damas ҳайдовчиси воқеа жойидан қочиб кетгач, йўлдан ўтиб кетаётган Lacetti ҳайдовчиси тўхтаб, жон талвасасида ётган қизни шифохонага олиб борган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, қиз ўта оғир тан жароҳати билан шифохонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган.
Аниқланишича, қиз ўғирлаб кетилган хонадонда Учқўрғон туманидан икки нафар, Норин туманидан бир нафар қиз ўқишга кириш учун тайёрлов курсларида ўқиш мақсадида бир ярим ойдан буён яшаб келган.
Мазкур ҳолат юзасидан Норин тумани ИИБ Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 117-моддаси 2-қисми (одам ўлимига сабаб бўлган хавф остида қолдириш) ҳамда 137-моддаси 3-қисми «б» банди (оғир оқибатларга сабаб бўлган одам ўғирлаш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Икки йигитга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter