Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухородаги «портлаган уй» ноқонуний қурилиш бўлган — вазирлик

Бухородаги «портлаган уй» ноқонуний қурилиш бўлган — вазирлик

Шу йилнинг 4 февраль куни Бухоро шаҳар, И.Каримов кўчаси йўл ёқасида жойлашган 9 қаватдан иборат бўлган уйнинг 3-қаватидаги хонадонда газнинг сизиб чиқиши натижасида портлаш юз бергани ҳақида хабар берилган эди.

Сўнгги маълумотларга кўра портлаш натижасида жабр кўрган 12 нафар фуқаронинг 6 нафарига уйга жавоб берилган. Шифохонада қолаётган 5 кишининг эса аҳволи қониқарли ва бир беморнинг ҳолати эса нисбатан оғирлигича қолмоқда.

Қурилиш вазирлиги томонидан бу борада ўрганиш ишлари олиб борилганда, «WHITE GROUP TRADING» МЧЖ (раҳбари Кароматов Жамшид Жалолович) томонидан ўзбошимчалик билан мазкур кўп қаватли бинонинг қурилиш ишлари бошлангани маълум бўлган.

Қайд этилишича, бу ҳақида Қурилиш Бош бошқармаси ва ҳудудий инспекция томонидан (2019 йил 16 январдаги №48- ва 49-сонли хатлар билан Бухоро шаҳар ҳокимлиги ва прокуратурасига) маҳаллий ҳокимият ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг қонуний чора кўриши учун хабардор қилинган. 

Бухоро шаҳар ҳокимининг 2019 йил 7 июлдаги 2894-сонли қарори билан Бухоро шаҳрининг И.Каримов кўчаси 7-уй манзилида жойлашган 12 та хонадон ва 9-уйда жойлашган 12 та хонадон, шу билан бирга ҳудуддаги савдо дўконлари эгалари билан тузилган келишув битимлари инобатга олиниб, 1220 кв.метрда жойлашган ер участкасида «WHITE GROUP TRADING» МЧЖ га 1- ва 2-қаватлари савдо ҳамда маиший хизмат кўрсатиш ва юқори қаватларида кўп хонадонли турар-жой биноси қурилишига рухсат берилган.

Мазкур қарорга асосан вилоят Қурилиш бош бошқармаси томонидан 2020 йил 26 июлда 1578-сонли архитектура-режалаштириш топшириғи тайёрланиб, лойиҳа ташкилоти «Аркада Архстрой Сервис» ХК томонидан 1-қавати савдо ва маиший хизмат кўрсатиш 7-8 қаватли турар жой биносига лойиҳа ечимлари ишлаб чиқилган.

Лойиҳа вилоят шаҳарсозлик кенгашида тасдиқланмаган ва ижобий экспертиза хулосаси олинмаган.

Шунингдек, Бухоро вилояти Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясидан қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун рўйхатдан ўтмасдан қурилиш-монтаж ишлари олиб борилган.

Шаҳарсозлик ҳужжатларини тўлиқ расмийлаштирмасдан қурилиш ишларини олиб бораётганлиги учун инспекция ходимлари томонидан «WHITE GROUP TRADING» МЧЖ раҳбарига огоҳлантириш ҳам берилган.

Вилоят ва шаҳар ҳокимликлари ҳамда прокуратура органларига бир неча бор ноқонуний қурилиш олиб бораётган «WHITE GROUP TRADING» МЧЖ га нисбатан чора кўриш учун (2020 йил 13 июлда 1029, 1030 ва 1031-сонли) хатлар чиқарилган.

Бундан ташқари тасдиқланган консепция лойиҳасини бузиб, ўзбошимчалик билан қаватлар сонини оширганлиги сабабли ноқонуний қурилаётган қурилмани бартараф қилиш учун Бухоро туманлараро иқтисодий судига даво аризалари киритилган.

Бунда даъвогар сифатида инспекциянинг бош мутахассиси ва Бухоро шаҳар қурилиш бўлими мутахассислари иштирок этган. Суд томонидан эса 2020 йил 23 октябрда 4-2001-2003/928-сонли ишнинг ноқонуний қурилмани бартараф қилиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори қабул қилинган. 

«Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ҳудудларда рухсатнома ва шаҳарсозлик ҳужжатларисиз қурилаётган объектларда буюрмачининг техник, лойиҳачининг муаллифлик ва пудратчининг ички назорат тизими тўғри йўлга қўйилмаганини кўрсатмоқда», дейилади Қурилиш вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Ушбу хабарга блогерлар «Энди фақат ҳар фалокатдан кейин қурилишларнинг ноқонунийлигини билиб оламиз, шекилли», дея муносабат билдиришмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззахда янги қурилган кўп қаватли бино қулаб тушганидан кейин унинг ноқонуний қурилгани маълум қилинганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг