Ангренлик браконьерлар табиатга 281 миллион сўмлик зарар етказди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Оҳангарон туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, Ангрен дарёсида фуқаролар В.Б. ва бошқалар тақиқланган ов қуроли ҳисобланган электр қармоқ билан балиқ овлаётганлиги аниқланган. Шундан сўнг улардан «SEAHAWK II» номли қайиқ, электр қармоқ, аккумулятор ва 6942 дона овланган балиқлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабарида маълум қилинган.
Тошкент вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг далолатномасига асосан 6942 дона балиқларнинг ноқонуний овланиши натижасида ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсига 281,5 млн. сўмлик жуда кўп миқдордаги зарар етказилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан В.Б. ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter