Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Кимни қисқартирсам экан? (ҳажвия)

Кимни қисқартирсам экан? (ҳажвия)

Эрталаб хатларни олиб кирган котибанинг хонамда бир оз ушланиб қолишидан ажабландим.

– Ишим сизни қониқтирадими? – деди у ҳайрон боқишимга жавобан.

– Нега бу ҳақда сўраяпсиз? – баттар ажабланлим мен.

– Илтимос, олдин айтинг.

– Қониқтиради, албатта.

Дарҳақиқат, котибанинг бир оз уятчанлиги, яхши муомаласи, пардозни меъёридан ошириб юборишини эътиборга олмаганда, хушсуратлиги, чой олиб кирганда чойнак жўмрагининг ичигача тозаланганидан чиқарган хулосам – озодалиги, умуман, Худо ундан котибаларга хос хислатларни аямаганлигидан, қилча бўлса-да, эътироз билдиролмасдим.

– Вазирликдан ходимларни қисқартириш ҳақида буйруқ келган, – котиба стол устига ҳозиргина қўйган қоғозларга ишора қилди. – Мени қисқартиришармикан, деб хавотирландим. Шунинг учун... – у сўзини тугатмай, овчининг раҳмини келтирган ҳимоясиз оҳу каби чиройли кўзларини ерга қадади.

Мен қоғозлар орасидан буйруқни олдим. Унда идора ходимларини ўн фоизга қисқартириш ҳақида кўрсатма ёзилган эди. Буйруққа «режа-иқтисод ва кадрлар бўлими ҳамда касаба уюшма қўмитасига, таклиф киритиш учун», деб ёздим-да, имзо қўйиб котибага узатдим.

– Хотиржам бўлинг, сизнинг жойингиз қисқармайди. Буйруқни тегишли ходимларга етказинг. Тушдан кейин таклиф билан киришсин.

Котиба қалин сурма тортган кўзлари билан менга миннатдор боқар экан, нозли оҳангда «раҳмат» деб эшикка йўналди. Ортидан қараб қолар эканман, оҳиста қадам ташлаб юриши чиройли оёқларини сиқиб турган тор шимининг чоклари сўкилиб кетмаслиги учун кўрилган эҳтиёт чорасидек туюлди менга.

Хатларни кўриб улгурмай, раҳбарлар учун махсус ўрнатилган телефон жиринглади. Ҳокимиятдан бизнинг соҳага биркитилган мутахассис экан. Қуюқ салом-аликдан сўнг ишларнинг қандай бораётгани билан қизиқди. Гап орасида идорамизнинг молия бўлимида жияни ишлаши, унга устозлик қилишимни айтди. Бу ходим зеҳнли бола экан, уялтириб қўймасмиш.

– Сизларда ҳам қисқариш экан-да, – деди у гапининг охирида. – Ўзникиларни эҳтиёт қилиш керак.

Маълумотнинг бунчалик тез тарқалиши мени ҳайрон қолдираётганди. Ҳокимиятга ким етказди экан? Ёки уларга ҳам бу ҳақда юқоридан кўрсатма берилганмикан?

Навбатдаги қўнғироқ маъмурий идорадан бўлиб, таъминот бўлимидаги ходимнинг ишда қолишини сўраб қилинган буйруқ оҳангидаги илтимос эди. Казо-казоларни безовта қилаётган бу хабар идорамиздан чиққанини исботлаб турарди.

Тушгача барча ходимларимнинг ошна-оғайнилари катта-катта лавозимларда ишлаши менга маълум бўлди. Уйлаб қарасам, қўнғироқ қилганларнинг бирортасига йўқ демабман. Оғир аҳволда қолдим. Йўл қўйган эҳтиётсизлигимдан асабим бузилди. Кайфиятим йўқлиги боис тушлик ҳам татимади, ҳисоб.

Тушдан кейин режа-иқтисод ва кадрлар бўлими бошлиқлари ҳамда касаба уюшма қўмитаси раиси тайёрлаган таклифни кўриб, тутақиб кетдим. Қисқартириладиган учта ходимнинг биринчиси котиба, қолган иккитаси молия ва таъминот бўлимлари мутахассислари бўлиб, ваъда берган одамлар олдида менинг юзим шувит бўлиши турган гап эди.

– Котибасиз ишлаш мумкинми? – дедим кадрлар бўлими бошлиғи бўлган ўрта ёшлардаги аёлга деярли ўшқириб. – Қабулхонани карвонсарой қилмоқчимисиз?

Аёл бошини эгди. Менгача икки-учта котибанинг бошини еган бу аёл нима учундир котиба билан менсимай муносабатда бўлади. Жамоада хотин-қизлар оз бўлгани учун бундай муомаласини идорадагилар уларнинг ўзаро рақобатига йўйишарди.

– Котибалик қисқаради, котиба эмас, – гапга қўшилди кал бошини ҳар сонияда қашиши билан жиғимга тегаётган режа-иқтисод бўлими бошлиғи.

– Нима?!. Қандай?.. Тушунтириб гапиринг.

У штатлар рўйхати ёзилган қоғозни менга узатди. Котиба ва иккита мутахассис қисқаргани кўрсатилганди қоғозда.

– Хўш? – дедим ҳеч нарсага тушунмай.

– Котибалик қисқаради, лекин иш юритувчи деган ходим штатини киритамиз. У ўтган йили қисқарган эди. Худди шу тарзда молия бўлимидан бир штатни қисқартириб, ҳисоб-китоб бўлимига...

– Тушунарли, лекин учта ходим қисқартирилиши керак. Вазирликка нима деб жавоб йўллаймиз?

– Учта ходим қисқаряпти-ку, – гапга аралашди кадрлар бўлими бошлиғи. – Мана буйруқ.

Мен у узатган буруқ билан топшириқнинг бажарилгани ҳақидаги вазирликка тайёрланган хатни олиб, ўйланиб қолдим. Бу кўзбуямачиликдан бошқа нарса эмасди.

– Бундай қисқариш биринчи марта бўлаётгани йўқ. Ҳар йилги тадбир, – боядан буён бир сўз демай, хотиржам ўтирган касаба уюшма қўмитасининг раиси менга далда берди. – Ҳар йили учтадан ходимни қисқартирганимизда ҳозир биз бу ерда ўтирмаган бўлардик.

Унинг қиқирлаб кулиши режа-иқтисод ва кадрлар бўлимлари бошлиқларининг илжайиши билан қувватланган бўлса-да, менинг ҳали ҳам безовталикдан қутулиб улгурмаган қиёфам аввалги ҳолатга қайтаришга мажбур этди.

– Бошқа таклиф йўқми? – дедим қўлимда тутиб турган буйруқ ва хатга имзо чекишдан иккиланиб.

– Йўқ.

Бу сўзни учаласи айтдими ёки биттасими, англай олмадим. Мен стол тортмасидан асабни тинчлантирувчи дори олиб, тилимнинг тагига ташладим.

– Иш юритувчига айтайми, чой берсин.

– Керак эмас, – дедим кадрлар бўлими бошлиғини тўхтатиб, сўнг унинг бу гапни киноя билан айтмаганига ишонч ҳосил қилиб, қоғозларга имзо чекдим.

Хуршид Нуруллаев.

 

 

 

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг