Битта кубок учун 32 жамоа: «Саҳро бургутлари»

Футбол бўйича жаҳон чемпионати иштирокчилари ҳақидаги туркум мақолаларни сайтимизда эълон қилишда давом этамиз. Навбат Cаудия Арабистонига!
Лақаби: «лочинлар», «саҳро бургутлари», «яшиллар».
Конфедерация: ОФК.
Бош мураббий: Хуан Антонио Пицци.
Сардор: Усома Ҳавсавий.
Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Муҳаммад Даъий (178).
Тўпурар: Мажид Абдулла (67).
ФИФА рейтингида: 70 (2018 йил 12 апрель).
Илк ўйин: Саудия Арабистони – Сурия 3:1 (Ливан; 1957 йил 20 октябрь).
Энг йирик ғалаба: Шарқий Тимор – Саудия Арабистони 0:10 (Дили, Шарқий Тимор; 2015 йил 17 ноябрь).
Энг йирик мағлубият: БАР (1958–1961-йилларда Сурия ва Миср Бирлашган араб республикасига бирлашган) – Саудия Арабистони 13:0 (Касабланка, Марокаш; 1961 йил 3 сентябрь).
Жаҳон чемпионатидаги иштироки: 4 марта (1/8 финал, 1994 йил)
Осиё кубогидаги иштироки: 10 марта (3 марта чемпион бўлган).
Конфедерациялар кубоги: (кумуш, 1992 йил).
Танишув
Саудия Арабистони давлат сифатида олдинроқ дунё харитасида пайдо бўлган бўлса-да, мамлакат футболининг туғилиши ўтган асрнинг иккинчи ярмига бориб тақалади. Дастлабки йилларда қитъа миқёсида аутсайдерлик мақомида ҳаракат қилган «саҳро бургутлари» 1980-йилларга келиб икки бор Осиё чемпионлигига эришди. Терма жамоанинг асосини миллий чемпионатнинг етакчи жамоалари «Ал-Ҳилол», «Ал-Иттиҳод» ва «Аш-Шабоб» футболчилари ташкил этади. Мухлислар ўз суюклиларини «лочинлар», «яшиллар» ёки «саҳро бургутлари» дейишади. Шунингдек, уларнинг «Осиё Бразилияси» деган лақаблари ҳам бор.
Қитъа миқёсидаги ютуқлар
Шу кунгача жаҳон чемпионатларида айтарли натижа қайд эта олмаган Саудия Арабистони терма жамоаси қитъа чемпионатидаги ғалабалар билан чекланиб қолмоқда. Осиё чемпионатида уч бора зафар қучган жамоа яна уч марта финалда мағлуб бўлган.
Жаҳон чемпионатидаги илк муваффақият
Жаҳон чемпионати финал қисмининг мунтазам иштирокчилари орасида ҳам ҳанузгача ғалаба қозона олмаган терма жамоаларни учратиш мумкин. Саудияликлар эса илк бора 1994 йилдаги жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишди ва ўша чемпионатда сенсацион тарзда ғалабаларга эришиб кўпчиликни ҳайрон қолдиришди. АҚШдаги чемпионатда аргентиналик мураббий Хорхе Солари бошчилигидаги жамоа Нидерландия, Белгия ва Марокаш каби жамоалардан иборат анчагина қийин гуруҳдан чиқиб, нимчорак финалда Швецияга имкониятни бой берди.
Илк баҳсдаёқ Нидерландия терма жамоасини қийин аҳволга солиб қўйган осиёликлар Фуад Аминнинг зарбасидан сўнг олдинга чиқиб олишган, иккинчи таймнинг сўнгги дақиқаларида ҳолландлар ғалабани илиб кетган эди — 1:2. Нью-Жерсидаги иккинчи ўйинда Марокаш терма жамоаси мағлуб этилди – 2:1. Ҳал қилувчи ўйинда Белгия терма жамоасини енгган осиёликлар сенсацион тарза кейинги босқичга йўлланма олишди. Дарвоқе, белгияликлар дарвозасига тўп киритган Саид Овайран чемпионатдаги ажойиб ўйинлари эвазига «араб Марадонаси» деган лақабни олди ва ўша йили Осиёнинг энг яхши футболчиси бўлди. Қизиқ томони, Овайраннинг голидан кейин ҳам белгияликлар ҳисобни тенглаштиришга шошилишмади. Ўша пайтдаги регламентга кўра энг яхши кўрсаткичга эга бўлган учинчи ўрин соҳиблари ҳам «плей-офф»га чиқар, шунинг учун бу ҳисоб ҳар икки жамоани қониқтирар эди. Оқибатда бошқа гуруҳда Камерун дарвозасига олтита тўп киритган Россия гуруҳда қолиб кетди. Ўша пайтда кўпчилик белгияликларни ўйинни сотганликда айблади.
«Қора кунлар»
Саудия Арабистони терма жамоаси футболчилари 1998, 2002 ва 2006 йилги жаҳон чемпионатларида ҳам иштирок этди. Аммо ҳар сафар улардан омад юз ўгирди. Ўтказилган 9 ўйиннинг 7 тасида ютқазган араблар иккита дурангга эришди. Улар ичида энг омадсизи Осиё майдонларида ўтказилган жаҳон чемпионати бўлди.
2010 ва 2014 йилларда жаҳон чемпионати саралаш баҳсларидан нарига ўта олмаган саудияликлар Осиёда ҳам ўз ўрнини бошқа терма жамоаларга бўшатиб беришди. Тўртта Осиё чемпионатининг бор-йўғи биттасида медал ололган жамоа муваффақиятсизликларининг асосий сабабларидан бири маҳаллий футболчиларнинг бошқа кучли чемпионатларга бориб ўйнаш хоҳиши йўқлиги дейишади.
Легионерлар
Бугунги кунда терма жамоанинг бор-йўғи иккита футболчиси ички чемпионатда тўп сурмайди. Калифорнияда туғилиб, маҳаллий «Кавалерс»да тўп сурадиган Фарис Абди ва эредивизионда тўп сурувчи сомалилик Мухтор Али. Лекин уларнинг ҳар иккиси ҳам на ўз клубида ва на терма жамоада ўзини кўрсата олишган.
Рекордчи
Жамоанинг кўп йиллик голкипери Муҳаммад Даъий ФИФА маълумотларига кўра ўз миллий терма жамоасида майдонга тушиш бўйича иккинчи ўринда бормоқда. Шунингдек, у тўртта жаҳон чемпионатида (1994, 1998, 2002, 2006) иштирок этиб, дарвозабонлар учун нисбатан катта бўлмаган 34 ёшида терма жамоадаги фаолиятини тугатган. Мазкур кўрсаткич бўйича рекорд ўз терма жамоасида 184 ўйинда иштирок этган мисрлик Аҳмад Ҳасанга тегишли.
Асосий юлдуз
Саудия Арабистони терма жамоасидан яққол юлдузни ажратиш мушкул. Агар юлдуз футболчи кўп гол киритгани билан ўлчанса, у ҳолда Муҳаммад Саҳлавийни кўрсатиш мумкин. У Роберт Левандовский билан биргаликда барча қитъалардаги саралаш баҳсларининг энг яхши тўпурари деган номга эришди. Гарчи у асосий голларини иккинчи саралаш босқичида Шарқий Тимор ва Ироқ каби рақиблар дарвозасига киритган бўлса-да, ҳужумчини истеъдодсиз деб бўлмайди. Муҳаммад ўз клуби «Ал-Наср»нинг асосий юлдузи ва у жамоаси таркибида юздан ортиқ голларга муаллифлик қилган.
Икки йил олдин у ўз мамлакатида ҳам таниқли эмас эди. Терма жамоага Берт ван Марвейк келганидан сўнг Саҳлавийнинг ҳам «кетмони уча» бошлади. У ҳолландиялик мураббийнинг ишончини қозонди ва терма жамоанинг асосий футболчисига айланди. 2017 йилдаги кичик жароҳат бошқа ҳужумчиларга ҳам имконият тақдим этган бўлса-да, у Россияга биринчи рақамли ҳужумчи сифатида бориши аниқ.
Саралаш баҳслари
Осиёда саралаш баҳслари анча узоқ давом этиши маълум. Ҳолландиялик мураббий Берт ван Марвейк шогирдлари 3 йил олдин бошланган мусобақанинг барча босқичларидан муваффақиятли ўтишди.
Ҳал қилувчи босқичнинг сўнгги тури Японияга қарши Жидда шаҳрида бўлиб ўтди. Арабистонга ортиқча мотивациясиз келган кунчиқар юрт вакиллари иккинчи таркиб билан майдонга тушишди. Ўйинда саудияликлар қийинчилик билан бўлса-да, кичик ҳисобда ғалаба қозонишди ва 12 йиллик танаффусдан сўнг жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишди.
Сўнгги бешта ўйин
№ |
Сана |
Рақиб |
Ҳисоб |
Гол муаллифлари |
Шаҳар |
1 |
2017 йил 7 октябрь |
Болгария |
0:1 |
– |
Лиссабон, Португалия |
2 |
2018 йил 26 февраль |
Молдова |
3:0 |
Умар Ҳафсавий, Тайсир Жасим, Муҳанад Асирий |
Аммон, Иордания |
3 |
2018 йил 28 феврал |
Ироқ |
1:4 |
Ҳасан Фаллатоҳ |
Басра, Ироқ |
4 |
2018 йил 23 март |
Украина |
1:1 |
Фаҳад Муваллад |
Марбелья, Испания |
5 |
2018 йил 27 март |
Белгия |
0:4 |
- |
Брюссел |
Рақиблар
Саудияликлар чекига анчагина оғир юк тушган. Улар чемпионатнинг очилиш ўйинида мезбон Россияга қарши туриб беришлари керак. Ўн минглаб маҳаллий мухлислар қаршисида бу осон кечмаслиги аниқ.
«Лочинлар»нинг қолган рақиблари ҳам анойилардан эмас. Саралаш баҳсларида Жанубий Американинг иккинчи жамоаси, Суарес ва Кавани сингари юлдузларга эга Уругвай ва албатта сўнгги пайтларда дунёнинг биринчи рақамли юлдузига айланиб бораётган Муҳаммад Салоҳ бошлиқ Миср терма жамоаси. Илк икки ўйин саудияликлар учун ҳал қилувчи баҳслар бўлиши кутилмоқда. «Араб дербиси» расмиятчилик баҳсига айланишининг эҳтимоли катта.
Саудия Арабистони терма жамоаси шу кунгача Россия ва Уругвай термалари билан бирор марта ҳам расмий ўйинларда учрашмаган бўлса, Мисрга қарши 1999 йилги Конфедерациялар кубогида тўқнаш келишган. Бир гуруҳга тушган икки араб жамоаси беллашувида Марзуқ Отайбийнинг покери барчасини ҳал қилиб берган: Саудия Арабистони – Миср 5:1.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter