Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзини прокурор деб таништириб юрган Malibu ҳайдовчиси ушланди

Ўзини прокурор деб таништириб юрган Malibu ҳайдовчиси ушланди

Видеодан кадр

Тошкент шаҳрида ўзини ёлғондан давлат хизматчиси, прокурор, адлия маслаҳатчиси деб таништириб юрган шахс қўлга тушди. Бу ҳақда «Марказий студия» информацион дастурида маълум қилинди.

Қайд этилишича, Бектемир туманида қора рангли Malibu-2 автомашинаси светофорга тўхтамай ҳаракатлангани учун йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан тўхтатилган.

Ҳайдовчи ЙПХ ходимларига юқори ташкилотда ишлашини айтиб, ўдағайлаган. Текширув давомида машинанинг олд ён ойналари тегишли рухсатсиз қорайтирилгани, ҳайдовчи машинани ишончномасиз бошқараётгани аниқланган.

У ўзини полковник эканини айтиб, хизмат гувоҳномасини кўрсатган ва хизматга шошаётганини айтган. Якунда эса машина ҳеч қандай ҳужжатсиз ҳайдалгани учун жарима майдонига қўйилган.

Суриштирув ишлари давомида у ўзини Бош прокуратуранинг Ички ишлар органларида қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими бошлиғи, адлия катта маслаҳатчиси деб таништириб келгани аниқланган. Аслида эса унга 2021 йилнинг июнь ойида Россиядаги У. исмли таниши Ўзбекистон Бош прокурори имзоси ва муҳрини сохталаштириб, қалбаки гувоҳнома ясаб берган бўлган.

Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми «б» ва 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг