Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

2020 йил 1 январдан бодикамералар ишга тушади

2020 йил 1 январдан бодикамералар ишга тушади

Фото: ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуман ДЙҲХХда амалга оширилаётган янгиликлар, соҳага жорий этилаётган ахборот коммуникацион технологиялар масалаларига бағишланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабар берди.

Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор А.Икрамов, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи, полковник О.Саидов, Патрул-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи, полковник Б.Абдуллаев, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи, полковник Б.Бердиалиев ва ушбу соҳаларда фаолият юритаётган мутахассислар иштирок этишди.

Ички ишлар вазирининг ўринбосари Азизбек Исроилович Икрамов очиб, вазирлик тизимида жамоат тартибини, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Таъкидланишича, президентимизнинг 2017 йил 11 июлдаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2018 йил 1 декабрь куни Вазирлар Маҳкамасининг 975-сонли қарори билан тасдиқланган Низомда йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиш тартиби бегилаб берилди.

Низом талабларига кўра, 2019 йил 1 июлдан бошлаб ЙПХ ходими хизмат вазифаларини мобиль видеокамерадан фойдаланган ҳолда ошкора олиб бориши ва бу ҳақда йўл ҳаракати иштирокичисини огоҳлантириши белгиланган эди. Лекин мобиль видеокамерани олиб келиш ва жорий этиш бўйича айрим техник сабабларга кўра ушбу муддат 2020 йил 1 январга кўчирилди.

Мобиль видеокамерадан фойдаланган ҳолда хизматни олиб бориш, ходимнинг олдига қўйилган вазифаларини бажаришда шафофликни таъминлайди ҳамда ҳайдовчи ва ходим ўртасидаги турли хилдаги бахсли ҳолатлар барҳам топади.

Шунингдек, ушбу Низомда ходим томонидан транспорт воситасини тўхтатиш асослари ва тартиби, ходимнинг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари, ходимлар томонидан хизмат вазифаларини бажаришда махсус мосламалардан фойдаланиш тартиби, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини қайд этиш тартиби кабилар белгилаб берилди.

Юқорида қайд этилган вазифаларни бажаришда ва ходимларни бодикамералар билан таъминлаш мақсадида бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, бодикамералар учун техник топшириқ ва дастурий таъминот ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.

Берилган техник топшириқлар талабларига жавоб бердиган Хитой халқ республикасининг «Хайтера» компанияси томонидан ишлаб чиқилган 50 та бодикамера Тошкент шаҳрида жумладан, 32 таси ЙПХ ходимлари, 18 таси ППХ ходимлари томонидан жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида тест синовларидан ўтказилди.

Республика бўйича сервер мосламаларини жойлаштириш учун 65 та, бодикамеларни жойлаштириш учун 192 та жой тайёрланди.

Тест синовлари натижалари яхши баҳолангандан сўнг, Хитой халқ республикасининг «Хайтера»  компаниясидан  6193 та бодикамера харид қилинди (ушбу бодикамералар ЙПХ ва ППХ ходимларига берилади).

Ушбу бодикамераларга тегишли дастурлар (программа) ўрнатилиб, керакли миқдорда сим-карталар билан таъминланди ҳамда ҳимояланган VPN-каналлари орқали алоқа йўлга қўйилди.

Мазкур қурилма ва жиҳозлар тасдиқланган тақсимотга асосан ўрнатилган тартибда жойларга тарқатилди.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасига 200 дона, Тошкент шаҳрига 2 876 дона, Андижон вилоятига 187 дона, Бухоро вилоятига 212 дона, Жиззах вилоятига 188 дона, Қашқадарё вилоятига 236 дона, Навоий вилоятига 185 дона, Наманган вилоятига 184 дона, Самарқанд вилоятига 341 дона, Сурхондарё вилоятига 203 дона, Сирдарё вилоятига 183 дона, Тошкент вилоятига 432 дона, Фарғона вилоятига 289 дона, Хоразм вилоятига 191 дона бодикамералар берилди. 193 донаси заҳирага олинди.

Бодикамералар 2020 йилнинг 1 январь кунидан бошлаб амалиётда ишлатилади.

Кун тартибидаги масала юзасидан Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи, полковник Олим Чориқулович Саидов маърузаси тингланди. Полковник О.Саидов йиғилганларга олдинда турган, амалга оширилиши режалаштирилаётган истиқболли режалар ҳақида гапириб, оммавий ахборот воситалари вакилларини ҳамкорликка чорлади.

Анжуманда шунингдек, журналист ва блогерлар томонидан берилган саволларга жавоблар қайтарилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг