Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Туркия ва АҚШ орасига совуқчилик солишдан манфаатдор кучлар бор» – Эрдўғон

«Туркия ва АҚШ орасига совуқчилик солишдан манфаатдор кучлар бор» – Эрдўғон

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Анқара ва Вашингтон муносабатларини мураккаблаштиришдан манфаатдор кучлар бор деб ҳисоблайди.

Сиёсатчи бу ҳақда Нью-Йорк шаҳрида Турк–Америка миллий бошқарув қўмитаси анжуманида гапирган.

Эрдўғон икки давлат робиталарини совуқлаштиришга уринадиган кучлар қаршисида қўл қовуштириб турилмаслигини таъкидлаган.

«Давлатларнинг қарашларида фарқли нуқталар бўлиши табиий ҳолат. Аммо АҚШ билан умумий махражлар кўплиги ва ҳамкорликни ривожлантириш учун имкониятлар бисёр эканига ишончимиз комил. Истиқболда биз ҳамкорлигимизни муштарак манфаатларга кўра такомиллаштирамиз», – деган Эрдўғон.

Ўтган йили икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 32 миллиард доллардан ошган.

Туркия раҳбарига кўра, у АҚШ президенти Жо Байден билан дўстлик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олган.

Туркия ва АҚШ НАТОнинг энг қудратли армияларга эга аъзолари сифатида Шимолий альянс фаолиятида муҳим ўрин тутади.

Кузатувчилар икки мамлакат муносабатларига соя солувчи бир неча жиҳат мавжудлигини ҳам айтади.

2016 йили июль ойида Туркияда давлат тўнтаришига уриниш рўй берган. Мамлакат ҳуқуқ идоралари ушбу жиноятни АҚШда яшаб келаётган Фатҳулла Гулен бошчилигидаги FETÖ ҳаракати амалга оширганини айтиб, Гуленни экстрадиция қилишни талаб қилган. Бу сўров рад этилган.

Расмий Анқара, шунингдек, Вашингтонни Туркияга душман саналган қўпорувчи гуруҳларга кўмак кўрсатишда айблаган.

Сурия ва Ироқ масаласида ҳам икки давлат фарқли қарашга эга. Эрдўғон бир муддат аввал АҚШ худди Афғонистон каби Сурия ва Ироқдан ҳам қўшинларини олиб чиқиши кераклигини айтган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг