Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Трампнинг «ғалаба рецепти» нима? Таҳлилчилар жавоб берди

Трампнинг «ғалаба рецепти» нима? Таҳлилчилар жавоб берди

АҚШда 5 ноябрь куни бўлиб ўтган президентлик сайлови натижаси расман эълон қилинмаган бўлса-да, ғолиб номи аллақачон маълум: республикачилар номзоди Дональд Трамп демократлар вакили Камала Ҳаррисни сезиларли фарқ эвазига ютди.  2017-2021 йилларда Қўшма Штатларга раҳбарлик қилган Трамп яна Оқ уйга қайтмоқда.

Президентлиги даврида икки марта импичмент эълон қилинган, сайловга қадар ҳам бир қатор жиноятларда айбланиб терговга тортилган Трамп қай тариқа ғалабага эришди? АҚШ электорати нега «демократия учун хатар» деб аталган сиёсатчига овоз берди? Трампнинг «ғалаба рецепти» нима ўзи? Ўзбекистонлик таҳлилчилар ижтимоий тармоқларда шу каби саволлар юзасидан мулоҳазалари билан бўлишмоқда.

«Қулоқ бекорга қурбон бўлмайдиган бўлди. Фитна назарияси барибир ҳар доим фойда беради. Одамлар ҳозирча шоуменларга ишонишда давом етмоқда. Эрдўғон билан ҳам шундай бўлганди. Туркия иқтисодиёти чуқур томон кетаётган, миграция муаммоси жиддийлашаётганига қарамай турклар Эрдўғоннинг популизмига ишонди. Aмерикаликларда ҳам аҳвол шу. Гровер Кливленд (АҚШга 1885-1889 ва 1893—1897 йилларда президентлик қилган сиёсатчи назарда тутилмоқда – таҳр.) рекордини такрорлаган шоумен Трамп кейинги 4 йилда Ер сайёрасидаги глобал воқеаларнинг асосий меъмори бўлади»,деб ёзди таҳлилчи Муҳаммадқодир Собиров.

Ҳарвард бизнес мактабида фан доктори илмий даражасини олган таниқли иқтисодчи Ботир Қобилов фикрича, сайловчилар учун иқтисодий кўрсаткичлар, хусусан, инфляция муҳим омил бўлди.

«Бу йил овоз берувчи америкаликлар учун нафақат иқтисодиёт, балки айнан унинг бир кўрсаткичи – инфляция муҳим эди. Соддалаштириш учун: «Дўкондаги тухум, ресторандаги гамбургер ва заправкадаги бензин нархлари ҳозирда 4-5 йилга қараганда қимматроқ эди, у пайтда Д.Трамп президент эди, нархлар амалдаги администрация даврида ошди, биз нархларни яна ўша арзон пайтига қайтишни хоҳлаймиз» деган сайловчилар Трампни сайладилар. Бироқ, жумбоқ шундан иборатки, Трампнинг иқтисодий сиёсати нархларни, инфляцияни янада тўғридан-тўғри ошириши кутилади. Ҳаррис лагери ҳам мана шунга етарлича урғу бермади деб ўйлайман», дейди Б.Қобилов.  

Экспертга кўра, аслида ҳозирда AҚШ иқтисодиёти ҳар қачонгидан кучлироқ, ишсизлик кўрсаткичи тарихий минимумда, инфляция даражаси ҳам 2 фоизга яқинлашиб қолган, меҳнат самарадорлиги ва бошқа кўрсаткичлар бўйича ҳам AҚШ иқтисодиёти бошқа ривожланган мамлакатларникига қараганда анча барқарор. Бу кўрсаткичлар Байден президентлиги пайтида бўлди. Аммо сайловчилар бу жиҳатга чуқур эътибор қаратмаган.

Шарқий Англия университети профессори Шерзод Мўминов Трампнинг ғалабаси кўпчилик либерал ва сўлчилар учун кутилмаган ҳодиса бўлгани, аммо унинг Оқ уйга келишидан хурсанд бўлаётган давлат раҳбарлари ҳам борлигини қайд этган. 

«Очиқча чиқиш қилмаса-да, баъзи давлат раҳбарлари чапак чалиб, шампан шишаларини очаётгани аниқ. Буларнинг кимлигини билиш қийин эмас – АҚШ кучсизлашувидан, Ғарб давлатлари орасида келишмовчиликлардан манфаатдор давлатлар. Европани ичидан емиришга ҳаракат қилиб келаётганлар, масалан, Венгрия раҳбари Виктор Орбан ва унга хайрихоҳлар, Британияни ЕИдан олиб чиқишга катта ҳисса қўшган, ҳозирда эса Трампнинг олдида думини ликиллатиб юрган Найжел Фараж»,дея мулоҳазалари билан ўртоқлашган Ш.Мўминов.

Мутахассис Трамп ташқи сиёсатидан Украина энг катта азият чекиши мумкинлиги, республикачи ваъдасига содиқ қолиб АҚШдаги ноқонуний иммигрантларни ёппасига депортация қилиш ҳақида қарор қабул қилгудек бўлса, миллионлаб иммигрантларнинг шўри қуришини қайд этган.

«Олдин кўп ўйлар эдим, нега Путинни Ўзбекистонда яхши кўришади деб. Ҳар қандай ижтимоий қатлам, ёш, келиб чиқиш, таълим даражаси ва даромад бўйича кесимда Путинга нисбатан симпатияси бор ўзбекларни кўп учратган эдим. Фикримча, бу рус пропагандаси оқибатларидан бири эди. Шу кунларда, худди шундай саволни Трамп ҳақида берса бўлади. Ижтимоий тармоқларда кўп ўзбеклар Трампни қўллашлари ҳақида ёзишмоқда ва бир бирларини ҳатто ғалаба билан табриклашмоқда. AҚШдаги ўзбеклар ҳам, AҚШга бориб қолиш хавфи бўлмаган ўзбеклар ҳам шундай. Бу масалада ҳам бирор бир тушунтирувчи умумий махраж йўқдек. Таажжубли, албатта. Бунинг сабабини била олмадим, бошқа AҚШ президентини бунчалар қўллашганини эслай олмадим»,дея таажжуб билдирди Висконсин университети (AҚШ) докторанти, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов.

Би-Би-Си журналисти Ибрат Сафо фикрича, АҚШдаги сайловда энг катта ғолиб фейк ньюс бўлди.

«Иммиграция муаммоси бор, лекин сохта хабарларда уларнинг олабўжиси бўрттирилди. Твиттерда миллионлаб америкаликлар улашган видеода гўёки гаитилик мигрантлар Ҳаррис туфайли бир нечта фейк ҳужжатларни қўлга киритиб, унга бир неча марта овоз берганларини айтишади. Бу видео фейк экани тезда исботланса-да, Илон Маск уни олиб ташламади ва ўзи ҳам одамларни ноқонуний мигрантлар билан қўрқитишда давом этти. Британияда Брексит ҳам фейк хабарлар ёрдамида юз берганди. Демак, энди инсониятга фарқи йўқ – у ўзи истаган нарсага ишонади»,деб ёзди у.

И.Сафога кўра, Трампнинг сайланиши кўплаб давлатлардаги сиёсий ахлоққа катта таъсир қилади, «авторитарлик ва непотизм яхши, ўз фарзандларингга лавозим бериш тўғри, таниш-билишчилик афзал, ҳатто жиноят ҳам маъқул, аёлларга тегажоқлик норма, демократия эскирди» деган мужда етказади.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Трампнинг ғалабасида қадриятлар омили ҳам муҳим ўрин тутган деб ҳисоблайди.

«Нима учун Дональд Трампнинг вазияти америкаликлар нуқтаи назаридан қулайроқ десак, чунки Камала Ҳаррис бу – сўл сиёсатчи, инсонларни тенг кўриш кераклигини таъкидлайди. Демократларнинг асосий қадрияти тенглик – мусулмонлар билан америкаликлар, оқлар билан қоралар тенг.

Республикачиларнинг асосий қадрияти эса ўзлик. Дональд Трамп айтяптики, «Мана, мигрантларга эшик очилди, сизларнинг иш ўринларингизни олиб қўйди, ойликларингиз тушиб бораверади, мен ҳокимиятга келсам, мигрантларга эшикни ёпаман», дейди.

Европада ҳам худди шу тенденция кузатилмоқда. Яъни «Мен сизларни ҳимоя қиламан» дейиш ва бошқаларга қарши туришимиз керак, деган позиция кафолатланган ғалаба рецепти ҳисобланади»,дейди К.Раббимов.

Журналист Шуҳрат Шокиржонов эса демократлар ва республикачиларнинг Ғазо секторидаги қирғинбарот уруш борасидаги фарқли ёндашувига эътибор қаратган.

«Биздаги жуда кўпчилик Трамп Ғазодаги урушни тўхтатади, деган фикрда. Бу менинг шахсий кузатишларим. Байден администрациясини эса кўпчилик ўша қирғинбарот урушнинг ҳомийси деб билади, шунинг учун уларнинг ютқазганидан хурсанд.

Аслида, яҳудийлар лоббиси Трампни (яъни республикачиларни) қўллайди, демократлардан кўра. Ғазодаги уруш тезроқ тугаши учун Камала Ҳаррис президент бўлгани маъқулроқ эди. Трамп «Қуддус – Исроилнинг пойтахти» деган одам, ахир! Исроилдаги ультра ўнг миллатчи вазирлар ҳам Трамп президент бўлганидан хурсанд», – деб ёзди Ш.Шокиржонов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг