Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тоғ устидаги шишадек тиниқ шаҳар – Шуша

Тоғ устидаги шишадек тиниқ шаҳар – Шуша

Шуша - шишадек тиниқ дегани, озарбайжон тилида қандай маъно берса, ўзбек тилида ҳам худди шундай тушунилади. Панох хон томонидан XVIII асрда бунёд этилган бу шаҳарнинг тарихи жуда қизиқ, Озарбайжон учун аҳамияти жуда катта. Бу ердан кўплаб машҳур тарихий шахслар чиққан, улар орасида айниқса шоира Хуршидбону Натаваннинг ўрни бошқача.

Ўзбек халқи учун Нодира қандай аҳамият касб этса, қардош озарбайжонлар Хуршидбону Натаванни шундай ардоқлайдилар. Қорабоғнинг сўнгги хони – Мехтикули-хоннинг қизи бўлмиш Хуршид бону ватани учун кўп яхши ишларни амалга оширган. У Шушада илк сув қувурини бунёд этган, бунга қадар аҳоли сувни сотиб олишга мажбур эди. Хуршидбону шахсий жамғармасидан пул сарфлаб, 10 километр узоқликдаги булоқдан қувур тортиб келган ва бу сув йўли ҳамон ишлаб турибди. Шушага қилган сафаримиз чоғида ўша сувдан тотиб кўрдик, жуда мазали.

Озарбайжон халқи Хуршидбону Натаванни шу қадар ардоқлаганки, у вафот этганда 40 километр узоқликдаги оилавий даҳмасига қўйиш учун Шушадан Агдамга қадар пиёда, елкаларида кўтариб боришган. Натаванни бугун ҳам жуда ардоқлашади, унга қўйилган ёдгорликларни Озарбайжоннинг турли бурчакларида кўриш мумкин. Албаттаки, Шушада ҳам.

Фақат бу ёдгорликнинг тақдири анча оғир кечди. Хуршидбону Натаван ҳаётлик чоғида ҳам халқининг яхшию ёмон кунларида бирга бўлганди, унга қўйилган ёдгорлик ҳам шушаликлар бошига тушган аламларни бирга тортди.

Биринчи Қорабоғ уруши даврида Озарбайжоннинг тарихий шаҳри Шуша арман айирмачилари томонидан босиб олинди. Шундан сўнг шаҳарнинг сал кам 30 йиллик истило тарихи бошланади. Айирмачилар ҳеч нарсани аяб ўтиришмади, шу жумладан ёдгорликларни ҳам. Шушага борсангиз, албатта марказий майдонда бастакор Узеир Гаджибеков, опера қўшиқчиси Булбул ва шоира Хуршидбону Натаванга қўйилган ёдгорликларни кўриб ўтинг. Ўшанда урушнинг даҳшатини яна бир бор ҳис қиласиз.

Бу шахсларнинг барчаси Озарбайжон маданияти дарғалари бўлиб, узоқ йиллар давомида бронза бюстлари шаҳарни безатиб келган. 1992 йилда Шушани эгаллаб олган арман айирмачилари ёдгорликларни бузиб, Грузияга олиб кетишади ва металло лом сифатида сотмоқчи бўлишади. Яхшиямки, Озарбайжон ҳукумати ўз вақтида чора кўрди ва уларни сотиб олиб, Бокуга олиб келишга муваффақ бўлинди. Аммо уларда урушнинг даҳшатли излари қолганди – ёдгорликларда арман ўқлари излари бор: шоира Натаван бош бармоғи синган қўлида китоб тутиб турибди, бастакор Гажибековни костюмига ўқ теккан, кўзойнаги синдирилган, машҳур Булбул эса ўқлар ёмғири остида қолгани кўриниб турибди.

Озарбайжон халқи бюстларни тикламасликка қарор қилди, улар айирмачилар томонидан босиб олинган ҳудудлардаги ваҳшийликнинг исботи ўлароқ озод этилган Шушанинг марказий майдонида турибди.

Шушани озод этиш Озарбайжон халқи учун осон бўлгани йўқ.

Қорабоғни қайтариб олишдаги ноёб амалиётлардан бири – Шуша шаҳри озод этилиши тарихда қолишга арзийди. Қорабоғнинг юраги ва тожи ҳисобланган Шуша тоғлар орасидаги табиий истеҳком бўлгани учун танкларда ёки бошқа оғир қуроллар ёрдамида шаҳарга кириб бўлмас эди. Уни озод қилишнинг фақат иккита йўли бор эди. Биринчиси, шаҳарда жойлашган душман кучларини артиллерия ва ҳаво зарбалари билан йўқ қилиш мумкин эди, аммо қўмондонлик буни рад этди, чунки шаҳарни бомбардимон қилиш катта вайронагарчиликка олиб келади. Шунинг учун муқобил вариант сифатида қўл жанги тактикаси танланди. Озарбайжон армиясининг енгил қуролланган аскар ва зобитлари зич ўрмонлар, чуқур даралар, қоя ва тоғларни босиб ўтиб, катта машаққат эвазига Шуша остоналарига етиб келдилар.

Озарбайжон аскарлари беш кун давомида Шуша йўналишида пиёда юрдилар, тоғлар, даралар, ўрмонларни босиб ўтиб, душман кутмаган томондан ҳужумга ўтдилар. 400 аскар ва зобитдан иборат енгил қуролланган махсус қўшин Шуша қояларига арқон билан чиқиб, эрталаб шаҳарга тўрт томондан кириб келди, жанг бошланди. Куннинг иккинчи ярмида арман жангчилари катта йўқотишларга учраб, шаҳарни тарк этишди.

Шушанинг қайтарилиши Озарбайжонда миллий байрам сифатида қабул қилинди. Халқ кўчага чиқди, осмонга мушаклар отилди, одамлар йиғлади, бир-бирини мутлақо танимаган одамлар қучоқлашишди байрам қилишди. Бу ғалаба куни эди. Буюк ғалаба нишонланган кун.

Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон Маданияти маркази ташаббуси билан ташкил этилган сафар давомида турли давлатлардан келган журналистлар Қорабоғнинг деярли барча шаҳар ва гўшаларида бўлдик. Қаерга бормайлик, икки хил манзарага гувоҳ бўлдик – ҳамма жойда урушдан қолган вайроналар ва уларни бартараф этиш мақсадида олиб борилаётган улкан қурилишларни кўрдик.

Ишонамизки, Қорабоғнинг қора кунлари ортда қолган ва бу ёғига энди фақат яхши кунлар унга йўлдош бўлади. Яқин икки йилда яна бу ерларга қайтишни ният қилдик, ўшанда буткул бошқа Қорабоғни кўрамиз, насиб...

Зафар ҚОСИМОВ, Шуша

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг