Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Танаси бурда-бурда қилинган таниқли журналистнинг ўлими юзасидан муҳим баёнот берилди

Танаси бурда-бурда қилинган таниқли журналистнинг ўлими юзасидан муҳим баёнот берилди

Time журнали эркин фикри учун ўлдирилган журналист Жамол Қошиқчини 2018 йилда йил одами ва ҳақиқат курашчиси деб эълон қилди.

Фото: “АА”

Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллиги биносида ваҳшийларча ўлдирилган таниқли журналист Жамол Қошиқчининг ўғли Салоҳ кутилмаган баёнот билан чиқди.

Салоҳ Қошиқчи «Twitter» тармоғидаги саҳифасида отасининг қотилларини кечирганларини маълум қилди. «Биз падари бузрукворимиз жонига қасд қилганларни Аллоҳ таолонинг ажрига умид қилган ҳолда афв этдик» деб ёзди у. Қайд этилишича, қотилларни афв этиш ҳақидаги қарор муборак Рамазон ойида бутун оила томонидан қабул қилинган.

Аммо марҳум журналистнинг қайлиғи, туркиялик Хадижа Чингиз қотилларни афв этиш ҳақидаги баёнотни қоралаб чиқди. «Қотилларни кечиришга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Мен ва бошқа маслакдошларимиз адолат тантана қилгунга қадар курашдан тўхтамаймиз», – деб ёзди Хадижа Чингиз.

Таниқли журналистнинг ўлими ҳолатини яқиндан кузатиб бораётган инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, Қошиқчи оиласи қотилларни афв этиш ҳақидаги қарорни Саудия ҳукуматининг босими остида қабул қилган.  

Буюк Британияда истиқомат қилаётган саудиялик ҳуқуқ фаоли Яҳё Ассирий эса Жамол Қошиқчининг ўлими шунчаки бир оилага тегишли бўлиб қолмай, жамоатчилик манфаатига дахлдор масала эканини таъкидлади. «Қошиқчи сиёсий мавзуда қалам тебратгани, (Саудия) сиёсатини танқид қилгани учун ўлдирилган», – дейди Я.Ассирий. Ҳуқуқ фаолига кўра, Саудия ҳукумати Салоҳ Қошиқчи номидан афв қарори эълон қилиш орқали халқаро жамоатчиликни адолатли ҳукмдан чалғитишга уринмоқда.

Марҳум журналистнинг ўғли Салоҳ Қошиқчи валиаҳд Муҳаммад бин Салмон қабулида. 2018 йил 23 октябрь. Фото: “AFP”

«The Washington Post» газетаси шарҳловчиси Жамол Қошиқчи 2018 йил 2 октябрь куни Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консулхонаси ҳудудида ўлдирилган. Сўнгги йилларда АҚШда яшаб келган таниқли журналист консуллик биносига Туркия фуқароси Хадижа Чингиз билан никоҳини расмийлаштиришга доир ҳужжатлар учун чақирилган.

Туркия бош прокуратурасига кўра, журналист аввал бўғиб ўлдирилган, кейин эса унинг танаси қийма-қийма этилган. Саудия Арабистони раҳбарияти сиёсатини кескин танқид қилиб келган журналист аввалдан тузилган пухта режа асосида ўлдирилган. Истанбулдаги консулликка Саудиядан дипломат ниқобида махсус қотиллар гуруҳи юборилган. Қатл саҳнасини ҳам ўша гуруҳ аъзолари – махсус хизмат вакиллари амалга оширган.

Саудия расмийлари дастлаб журналист Қошиқчи консуллик биносидан соғ-саломат чиқиб кетган деган иддаони илгари сурди. Кейин эса у тасодифан келиб чиққан низо туфайли вафот этгани ҳақида баёнот берилди. Аммо халқаро ҳамжамият босими ва жаҳон матбуотида фош қилувчи материаллар эълон қилиниши ортидан Ар-Риёд ҳукумати журналист қотиллик қурбони бўлганини тан олишга мажбур бўлди.

Бир қатор Ғарб мамлакатлари махсус хизматлари мухолиф журналистни ўлдириш буйруғи шахсан Саудия Арабистони подшоҳлиги валиаҳди Муҳаммад бин Салмон томонидан берилган деган фикрни илгари сурган. Шаҳзода эса ҳозирга қадар бу айбловни рад этиб келади.

Саудия бош прокуратураси олиб борган тергов якунида Қошиқчининг ўлимида 8 киши айбдор деб топилди. Маҳкама 5 нафар судланувчига ўлим, 3 нафарига эса узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.

«Amnesty International» ташкилоти Саудия ҳуқуқ идоралари олиб борган терговни сохталаштирилган деб атаган. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, маҳкама машъум қотилликка Саудия расмийларининг алоқадорлиги ҳамда марҳум журналистнинг жасади бўлаклари қаерда экани масаласига ойдинлик киритмаган.

Халқаро ташкилотлар ҳамон журналистнинг ўлими юзасидан адолатли тергов ўтказишни талаб қилиб келмоқда. Фото: “Al Jazeera”

БМТнинг суд ҳукмисиз қатл масалалари бўйича махсус маърузачиси Агнеса Калламар маҳкама жараёнини «адолат устидан кулиш» деб атаган. Калламар хонимга кўра, қотиллик учун Саудия давлати, жумладан, валиаҳд  Муҳаммад бин Салмон ҳам жавоб бериши керак. Қошиқчининг ўлдирилиши халқаро тергов-текширувни талаб этувчи халқаро жиноятдир, деб ҳисоблайди БМТ махсус маърузачиси.

C.Cалим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг