Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

Таксим, гул тутган террорчи, 3 минг 9 йиллик қамоқ жазоси – Истанбулдаги 2022 йил теракт суди очерки

Таксим, гул тутган террорчи, 3 минг 9 йиллик қамоқ жазоси – Истанбулдаги 2022 йил теракт суди очерки

Туркияда ўтган йил май ойида бошланган суд якунланишига оз қолди. Шу кунларда мамлакат прокурори айблов хулосасини ўқимоқда. Истанбулнинг Истиқлол кўчасида портловчи қурилмани қолдирган террорчи аёл Аҳлам Албаширга 3 минг 9 йилгача қамоқ жазоси сўралди. Яна 35 нафар киши терактга алоқадорликда айбланмоқда.

Аҳлам Албашир

2022 йил 13 ноябрдаги терактда 6 нафар инсон ҳалок бўлган (шулардан 2 нафари болалар), 99 нафар инсон турли даражада жароҳат олган.

Камералар гувоҳлик берганда...

Истанбул денгиз тўлқинлари келиб пойига уриладиган соҳиллари, азон айтилганда бир-бирига акс-садо берадиган масжидлари, ўзига хос меъморий ёдгорликлари билангина эмас, замонавий марказлари билан ҳам машҳур. Шаҳарга келган сайёҳга албатта Таксим майдонида бўлиш тавсия қилинади. Егулик, шоппинг ва ҳордиқ! Жойнинг тахминий формуласи шундай. Майдонга туташган гавжум кўчалардаги даргоҳларда сайёҳлар қатори маҳаллий аҳоли ҳам харид қилади, овқатланади, дам олади.

«Истиқлол» кўчасида ўша кун ҳам одам кўп эди. Видеокузатув тасвирларига синчиклаб боқинг-да.  Якшанба, тағин оқшомга яқин вақт бўлгани учун «ғимир-ғимир» одамлар ҳаракати байрамни эслатади. Ҳамма ясанган, очиқ чеҳрада, хотиржам. Аввалига. Кейин эса...

Портлаш содир бўлганда тезкор қидирув ходимлари биринчи бўлиб кузатув камераларидаги тасвирларни ўрганишган. Жами 1200 та камера текширилган. Энг аввал аниқлангани – бомба скамейкада қолдирилган сумкада (рюзакда) бўлган. Сумкани қора ҳижобдаги аёл ташлаб кетган. Бошида ҳижоби бўлгани билан камфуляж (ҳарбийлар кийимлари тайёрланадиган яшил ола-була мато) шим ва калта енгил курткада, ҳижобини ечса, кийиниш услуби спортчиларга хосдек таассурот қолдиради.

Видеокамера қайдларидан:

15:17. У таксидан тушди ва Таксим майдонида пайдо бўлди.

15:25. Истиқлол кўчасига ўтиб кафелардан бирининг қаршисидан юриб кетмоқда.

15:30. У магазин қаршисидаги скамейкага ўтиради. Рюзаги ва пакети ёнида.

Скамейкада 41 дақиқага яқин вақт ўтиради.

16:11. У рюзагини скамейкада қолдириб, ўрнидан туриб кетади ва Таксим майдони томон шошиб йўл олади.

16:14. Кучли портлаш овози эшитилади. Саросимага тушган одамлар орасида террорчи югуриб бораяпти.

16:17. У Таксимда таксидан тушган жойда яна пайдо бўлади ва таксига чиқиб номаълум томон ҳаракатланади.

Аёлни катталаштирган тасвирларига диққат қилсангиз, у макияжни ўрнига қўйгани, эринмасдан бўянганини кўрасиз. Яна бир тасвирда, ишни қилиб қўйиб қайтаётганида қўлида қизил гул...  

Бомба ашёлари ички кийимда олиб кирилган

Кузатув камералари ёрдамида жиноятчи ҳаракати ўрганилиб, у Кучукчекмечи туманидаги хонадондан топилган. Аёл полиция гуруҳи уни излаб келганини билиб, ўзини юқори қаватдан ташлаш учун дераза ойнасини синдиради. Лекин, пастга сакрашга ва қочишга улгурмади. Портлашни содир этган аёл Сурия фуқароси, 1999 йилда туғилган Аҳлам Албашир эди.

Видеоёзувда Албаширни Таксим майдонига олиб келган автомобилда ҳайдовчидан ташқари яна бир эркак  кўринади. У Аҳламни никоҳига олган Билол Ал-Ҳассан эди. Улар биргаликда Суриядан Туркияга ноқонуний тарзда ўтган. Билол бомба ясашида асқотган ашёларни Аҳламнинг ички кийими ичида яширган, унга қопга ўхшаш кийим кийдирган ҳолда яширин йўллар билан мамлакатга кириб келишган. Истанбулгача йўлда минган машиналарни бир неча марта  алмаштиришган.

Бу икки жиноятчи аввалига Истанбулдаги текстил корхоналаридан бирининг соҳиби, террор ташкилоти билан алоқаси бўлган Ҳабешнинг Энеслар деб аталадиган ҳудуддаги уйида 3 ҳафта яшаган. Жуфтлик яшаш уйларини тез-тез алмаштириб турган.   

Улар эр-хотин сифатида кўриниш беришган. Истиқлол кўчасидаги портлашга 4 ой биргаликда тайёргарлик кўришган. Маълум бўлишича, терроргача, Албашир жойни бир неча марта келиб ўрганган, разведка қилган.

«Ҳожи» код исмли кишидан махсус топшириқ

Теракт Сурияда қўним топган Курдистон ишчи партияси (Халқ ҳимояси партияси) деб аталган террор гуруҳи топшириғига биноан бажарилгани аниқланган. 

Айблов хулосасида айтилишича, Албашир курдлар ташкилотининг Сурияда таъсири катта бўлган Мупбич шаҳрида туғилган. У Туркияга келгунига қадар ташкилотнинг юқори мавқели раҳбарларидан бири саналган «Ҳожи» код исмли кишининг назоратида бўлган. Эр-хотин унинг тазйиқи ва буйруғи остида Туркияга келган.

Маълум бўлишича, террорчи портлаш кунида уни олиб келган таксида 8, 22 октябрь, 4 ноябрда Таксимга ва 18 октябрда  Фотиҳ масжидига келиб жойни ўрганган. Шунда у атрофдан бир қанча суратлар ва видеотасвирлар туширган. Уларни «Ҳожи»  код исмли кишига жўнатган. Айнан шу тасвирларни олган телефонни портлаш кунида Аҳлам Таксим майдонида таксидан тушиши олдидан Билол синдирган ва аёлнинг қўлига оддий, рақамли телефон берган. Воқеа олдидан, сўнгги дақиқаларгача аёл телефон орқали «Ҳожи»нинг кўрсатмаси билан «ишлаган».  

Дарвоқе, Билол аёлни Таксимда қолдириб кетгандан сўнг, таксичи уни бошқа жойга олиб бориб қўйган. У ердан судланувчилардан бири Аммар Жаркос уни  Болгарияга ўтказиб юбориш учун Эдернега олиб борган. Шундан сўнг Билолнинг изи йўқолган. Экспертларнинг фикрича, аёлнинг воқеа жойида 41 дақиқада қолдирилиши, бу Билолнинг қочиб қолиб, изини йўқотиш учун етарли муддат бўлган.

Терактни Курдистон ишчи партияси (Халқ ҳимояси партияси) бўйнига олмаган ва уларнинг фаолияти тинч аҳолига қаратилмаганини маълум қилган. Лекин, суриялик жуфтлик кимдир молиялаштирмаса ва қўлламаса, ўз-ўзича қўшни мамлакатга келиб, терактни содир этолмаслиги ҳам бор гап.

Прокурор сўзи

Жумҳурият прокурори Фуркан Кафали суддаги хулосасида мудҳиш ҳужумда айбланувчи Аҳлам Албашир «давлат бирлиги ва мамлакат яхлитлигини бузишга ҳаракат» айби учун умрбод қамоқ жазоси, «Жангари террор ташкилотига аъзолиги учун» 7 йил 6 ойдан 15 йилгача оғирлаштирилган ҳолатдаги қамоқ жазоси, «Олдиндан режалаштирилган бомба портлатиши натижасида қасддан бола ўлими» учун умрбод қамоқ жазоси, «олдиндан режалаштирилган портлатиш туфайли қасддан қотиллик» айби учун 5 мартага оғирлаштирилган умрбод қамоқ жазоси, 99 нафар инсоннинг ҳаётига «олдиндан режалаштирилган бомба портлатиш орқали таҳдид солиш» учун 1930 йилдан 2 минг 970 йилгача қамоқ жазоси, «хавфли ашёни қонунга хилоф тарзда сақлаш ёки етказиш» айби учун 7 карра 12 йилдан 24 йилгача оғирлаштирилган ҳолатдаги, жами 1949 йилдан 3 минг 9 йилгача қамоқ жазосини сўради.

«Сурияга кетишга тайёрман!»

25 ёшли айбланувчи Аҳлам Албашир маҳкама жараёни сўнгги сўзида шундай деди: «Мен унинг бомба эканини билмасдим. Аҳмед, Аммар ва бошқа кишиларнинг бунга алоқаси йўқ. Улар менга турист сифатида бор ва суратга тушир деган эдилар. Мен воқеада ҳалок бўлган инсонлар учун тунлари ухлай олмайман. Мен ўзим етимман ва бошқа бировнинг етим қолишини истамайман. Мен айрим инсонларга етказиш учун қўлимдан келганини қилдим. Сурияга қочганларни қўлга олиниши учун Сурияга кетишга тайёрман. Раънонинг уйида бўлдим, тузини едим. Фотиманинг уйида бир қанча вақт қолдим. Уларнинг террорга алоқалари йўқ. Улар бу ҳолатда алдандилар. Менга не берсалар эътироз билдираман».

Сени ким энди Сурияга жўнатади, Алҳам? «Унинг бомба эканини билмасдим» деган Алҳам воқеа куни  скамейкадан туришдан олдин бомба ҳақида полицияга хабар бермоқчи бўлгани, лекин турк тилини билмагани учун қўнғироқ қилолмагани ҳақида терговда кўрсатма берган.

Ҳалок бўлганлар ёди

Терактда 6 нафар инсон ҳалок бўлган. Оддий бир кунини байрамга айлантиришни истаган, нимадир харид қилиб бериб яқинини хурсанд қилмоқчи бўлган катталар, дунё-дунё орзулар билан яшаётган болалар. Мудҳиш портлаш ортидан 3 хонадондан қўшалоқ тобутлар чиқди.

Бир она ва қизи, бир ота ва қизи, эр-хотин. Уларнинг энг каттаси 40 ёшда, энг кичиги 9 ёшда.

38 ёшли Арзу Орсой ўқитувчи. У 15 ёшли қизи Ямғир билан бўлган.

34 ёшли Юсуф Мейдан Аданада яшаган, шу куни Истанбулга  9 ёшли қизалоғи Эжинни олиб келган экан.

Топкаралар оиласида икки гўдак ота-онасиз қолди. 37 ёшли аёл ва 40 ёшли эркакнинг уйларида саккиз ойлик чақалоғи ва 2 ёшли қизалоқлари ота-онаси билан нима бўлганини англамас эдилар.

Портлаш бўлган жой хотира майдончаси сифатида ўраб олинган. Бугунда ҳам у ердан гуллар аримайди.

***

Бир қарашда 3 минг йиллик қамоқ жазоси мантиқсиздек кўринади. Зеро, дунё дунё бўлибдики, бу муддатнинг ўндан бирини ҳам яшаган инсон йўқ. Лекин, айблов томони жиноят қанчалик оғир эканини таъкидлаш учун умрбод қамоқ жазосини рақамларда ифодалаган. Туркияда ўлим жазосига 2004 йилда мораторий эълон қилинган. Аслида тирик қолиб, ҳар куни неча бор ўлишдан ортиқ жазо йўқ.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг