Қозоғистон президенти «порлоқ келажак учун берилган ягона имконият» ҳақида гапирди
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 18 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларига бағишланган саммитида ҳамраис сифатида қатнашди, деб хабар берди Оқўрда матбуот хизмати.
Сиёсатчи ўз нутқида БМТнинг 2030 йилга қадар мўлжалланган кун тартиби ҳозирги авлод учун порлоқ келажак барпо этиш борасида берилган ягона имконият эканини таъкидлаган.
«Геосиёсий долғалар сабаб янада мураккаб тус олаётган глобал муаммолар бизнинг жамоавий саъй-ҳаракатларимизга рахна солмоқда. Тўсиқ ва ғовларни давлатлар якка ҳолда ошиб ўтиши амримаҳол. Дунё ҳамжамияти бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилсагина сезиларли натижаларга эришиши мумкин», – деган Қозоғистон раҳбари.
Таъкидланишича, БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш Остона учун миллий устувор вазифа саналади. Бинобарин, давлат бюджетининг 80 фоизи ушбу мақсадларга уйғунлаштирилган.
Қўшни давлат етакчиси барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида бир қатор таклифларни илгари сурган.
«Ҳамжиҳат ҳаракатни таъминлаш учун ягона БМТ тамойилини минтақавий миқёсда мустаҳкамлаш талаб этилади. Шу боис ҳам биз Қозоғистонда барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича Марказий Осиё ва Афғонистон учун минтақавий ҳаб яратиш ташаббусини илгари сурганмиз. У минтақада БМТ лойиҳаларнинг самарали мувофиқлаштирилишига хизмат қилади», – деган Қ.Тўқаев.
Нотиқ халқаро молия архитектурасига янги ҳаёт бахш этиш, молиявий тизимда тенгликни таъминлаш, экология, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига кўпроқ маблағ ажратишни тавсия қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter