Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Путин Ким Чен Инни тақиқланган совға билан сийлади

Путин Ким Чен Инни тақиқланган совға билан сийлади

Россия президенти Владимир Путин Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Инга туғилган куни муносабати билан «Aurus» русумли лимузин совға қилди. Шимолий Корея давлат агентлиги тарқатган бу хабарни Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков тасдиқлади.

«Aurus» автомобилидан Кремль хўжайини ўзи фойдаланиб келгани маълум.

Аввал хабар берганимиздек, 2023 йил 13 сентябрь куни Ким Чен Ин Россияга ташриф буюриб, «Восточный» космодромида мезбон давлат раҳбари билан учрашган эди.

Маълум бўлишича, ўшанда Путин ҳамкасби билан учрашувга айнан «Aurus» лимузинида келган. Ким Чен Ин машинани аввал кўздан кечирган, сўнг орқа ўриндиғига ўтириб кўрган.  

Дарвоқе, ўшанда ҳам икки сиёсатчи ўзаро совға алмашган. Жумладан, Путин Шимолий Корея етакчисига бир неча бор коинотда бўлган скафандр қўлқопи совға қилган. Ким Чен Ин эса ҳамкасбига Шимолий Корея қурол усталари ишлаб чиқарган карабин ҳадя қилган.

«Aurus Senat» автомобили нархи 41 млн рублдан (тахминан 440 минг доллар) бошланади.

Ғарб матбуотига кўра, 8 январь куни 40 ёшга тўлган Ким Чен Инга қиммат автоулов совға қилиш билан Путин БМТ Хавфсизлик кенгаши санкциясини бузган. Хавфсизлик кенгаши санкцияси Шимолий Кореяга серҳашам буюмлар, жумладан, люкс русумдаги автомобиллар етказишни ман этади. 

Аввалроқ The New York Times нашри Москва БМТ чекловларини четлаган ҳолда Пхеньянга 30 миллион долларлик музлатилган маблағдан 9 миллионини олиш имконини тақдим этгани ҳақида ёзган эди.

Шимолий Корея эса Россияни Украинага қарши урушда фойдаланиш учун артиллерия снарядлари ва бир неча турдаги ракеталар билан таъминлаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг