Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзга сайёраликлар юборган» сирли устун Африка давлатида ҳам пайдо бўлди. Калаванинг учи топилгандек...

«Ўзга сайёраликлар юборган» сирли устун Африка давлатида ҳам пайдо бўлди. Калаванинг учи топилгандек...

Фото: Reuters

Конго демократик республикаси пойтахти Киншаса шаҳрида ҳам сирли металл устун пайдо бўлди. Аҳоли ўзга сайёраликлар ёки шайтон юборган деган шубҳа-гумон билан 3,7 метрлик устунни тошбўрон қилди ҳамда ёқиб юборди. 

Сўнгги ойларда дунёнинг турли нуқталарида – АҚШдан то Руминияга қадар сирли-жумбоқли устун пайдо бўлиб одамларнинг ақлини шоширмоқда. Киншаса шаҳрида эса уч қиррали устун якшанба куни бўй кўрсатган. Аҳоли бундан ваҳимага тушган.

«Биз учбурчак металл объектни кўриб таажжубда қолдик. Чунки у масонлар, иллюминатлар каби сирли жамиятлар ҳақидаги ҳужжатли фильмларни ёдга солди», – дейди киншасалик Серж Ифулу.

Устунни ёвуз кучлар юборган деган хулосага келган оломон тошбўрон қилиб унга ўт қўйган. Маҳаллий коммуна раҳбари Бэйон Гэбен BBC нашрига объект парчаси лабораторияга юборилгани, тадқиқотлардан кейин якуний хулоса айтилишини маълум қилган. Пойтахт губернатори Жентини Мгобила эса сирли устуннинг пайдо бўлишида коммуна раҳбари Б.Гэбеннинг қўли борлигини айтган. Губернаторга кўра, коммуна раҳбари шу йўл билан шов-шув қўзғаб, эътибор қозонишни кўзламоқда. Аммо Б.Гэбен устуннинг пайдо бўлишига заррача алоқаси йўқлигини таъкидлаган.

2020 йил ноябрь ойида АҚШнинг Юта штати чўлларида учбурчак шаклидаги металл объект топилди. Ўшандан бери сирли устунлар сайёрамизнинг турли шаҳарларида пайдо бўлиб қолмоқда. Дунё аҳли дастлаб жумбоқнинг тагига ета олмай саросимага тушгани рост. Аммо тез орада калаванинг учи топилгандек бўлди. Ўзини ошкор этишни истамаган ижодкорлар жамоаси сирли устунлар уларнинг ижодий лойиҳаси эканини билдирди. Масалан, Буюк Британиянинг Уайт ороли ва  Ла-Манш бўғозида ўрнатилган устун 29 ёшли Том Данфорд томонидан ясаб ўрнатилгани тахмин қилинмоқда.

Ушбу ижодий ташаббус дунё бўйлаб флэшмобга айланиб кетди. Февраль ойи бошида Туркиянинг Гебеклитепе мажмуасида ҳам ана шундай устун пайдо бўлди. Унда қадимий туркий алифбода матн ҳам ёзилган эди. Кўп ўтмай ушбу устун Туркиянинг фазовий дастури тарғиботи учун қўлланган оригинал реклама усули экани маълум бўлди. Сирли устунлар сайёҳлар ҳамда илмий фантастика мухлисларига манзур бўлаётгани бор гап.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг