Ўлимини кутаётган маҳбус канализация қувури орқали қочиб кетди
Индонезияда ўлимга ҳукм қилинганлар хонасида олий жазони кутаётган маҳбус ерости йўлини қазиб, турмадан қочиб кетди. Бу ҳақда «South China Morning Post» хабар берди.
Полиция ходимлари ХХР фуқароси, 37 ёшли Цай Чанпань камерасини канализация қувури билан боғловчи ерости йўлини топишди. Ерости йўли қувурдан турма яқинидан ўтувчи йўлга олиб чиқади.
Камерадаги қўшнисининг полициячиларга маълум қилишича, Цай қамоқдан қочиш учун 5-6 ой тайёргарлик кўрган. Ерости йўлини қазиш учун у турма ошхонаси қурилишида ишлатилган асбоблардан фойдаланган. Соқчилар алмашадиган вақтда эса қамоқхонадан қочишга қарор қилган.
2017 йилда Цай 135 килограмм метамфетамин контрабандаси учун олий жазога ҳукм қилинган. У Индонезия пойтахти Жакартанинг йўлдош-шаҳри — Тангерангдаги қамоқхонада сақланган.
Цай аввал ҳам турмадан қочишга уриниб кўрган. Индонезияда ҳибсга олингандан сўнг у тергов изоляторидаги ҳожатхона деворини тешиб, яширинган. Бироқ кўп ўтмай қўлга тушганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter