Навальнийнинг жасадини топиш муаммо бўлмоқда
Алексей Навальнийнинг оиласи кун бўйи марҳум сиёсатчининг жасадини топишга уринди, аммо натижа бўлмади. Жазони ижро этиш федерал хизмати бир кун аввал унинг ўлими ҳақида хабар берган эди.
Бугун, 17 февраль куни тушдан кейин Навальнийнинг онаси ва унинг адвокати у жазони ўтаган колонияга етиб борди. У ердан уларни ўликхонага юборишди — аммо улар Навалнийнинг жасади йўқлигини даъво қилмоқдалар. Тергов қўмитаси эса мухолифатчи яқинларига сиёсатчининг ўлими сабабларини аниқлашда давом этишларини ва кейинги ҳафтагача терговни якунламасликларини айтган.
BBС хабарига кўра, марҳумнинг яқинлари унинг жасадини «зудлик билан» оиласига топширишни талаб қилмоқда.
Колония ходими Людмила Навальнаяга сиёсатчининг жасади Тергов қўмитаси терговчиларининг сўровига кўра Салекхарддаги ўликхонага олиб кетилганини айтган.
Шундан сўнг, Навальнийнинг онаси ва унинг адвокати Салекхард ўликхонасига боришди. Аммо, ўликхона ёпиқ бўлиб чиқди. Адвокат эшикда кўрсатилган телефон рақамига қўнғироқ қилган. Унга бугун қўнғироқ қилган еттинчи одам эканлигини айтишган. Улар ўликхонада Алексейнинг жасади йўқлигини маълум қилишган.
Журналистлар Навальнийнинг жасади қаерда эканлигини аниқлашга ҳаракат қилишди. «Медиазона» мухбири Салекхард туман касалхонаси патология бўлими мудири Сергей Ивченкога қўнғироқ қилган. У Навальнийнинг жасади қаерда эканлиги ҳақидаги саволни эшитиб, гўшакни қўйиб қўйган. Reuters журналистлари ҳам ўликхонага қўнғироқ қилишган ва уларга жасад ,у ерда йўқлигини айтишган.
Навальний тарафдорларининг айтишича, биргина шанба куни Россия Тергов қўмитаси сиёсатчи билан содир бўлган воқеа ва унга нима бўлгани ҳақидаги версияларни бир неча бор ўзгартирган.
Марҳумнинг адвокатларидан бири 17 февраль куни тушдан кейин Тергов қўмитасининг Салехарддаги идорасига борган. У ерда унга Навальнийнинг ўлими сабаблари аниқланмагани ва «қайта гистологик текширув ўтказилгани» ҳақида маълум қилинган.
Терговчилар адвокатларга текширув якунлангани ва экспертлар ҳеч қандай «жиноят» топмаганлигини айтишган. Аммо кейин Тергов қўмитаси яна текширув давом этаётганини маълум қилган ва у тугамагунча Навальнийнинг жасади қариндошларига берилмаслигини айтган.
«Очиғи, қотиллар ўз изларини яширишни истайди, шунинг учун улар Алексейнинг жасадини бермаяптилар ва ҳатто онасидан ҳам яширмоқдалар», — дея ижтимоий тармоқларда баёнот берди Навальний жамоаси.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter