Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Намойишлар тўлқини Европа университетларига ҳам етиб борди

Намойишлар тўлқини Европа университетларига ҳам етиб борди

Парижда талабалар намойиши.

Фото: AFP

Бутун Европа шаҳарлари бўйлаб Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларига қарши талабалар намойишлари бўлиб ўтмоқда. Талабалар Ғазо секторида минглаб тинч аҳоли вакили ўлимига олиб келган урушни тўхтатиш, Фаластин давлатчилигини тан олиш ва Исроил университетлари билан академик алоқаларни узишни талаб қилмоқда.

Буюк Британиянинг Оксфорд, Кембриж каби нуфузли олий таълим муассасалари талабалари чодирлар тиккан. Улар раҳбариятдан университетга киритилган сармоя ҳақидаги маълумотларни очиқлаш, Исроил билан илмий робитани узишни талаб қилмоқда. «Оксфорд ва Кембриж университетлари даромади фаластинликлар ҳаёти бадалига ўсишини қабул қилиб бўлмайди», – дейилади намойишчи талабалар баёнотида. Оксфорднинг 200 дан зиёд олими намойишчиларни қўллаб-қувватлаб очиқ хат ёзган.

Талабалар намойишлари Австрия, Бельгия, Германия, Дания, Испания, Франция, Нидерландия, Финляндия, Италия, Швейцария каби мамлакатлар университетларига ҳам етиб борган.

Сўнгги маълумотларга қараганда, Ғазо секторида 216 кундан буён давом этаётган урушда 34904 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, 78514 нафари жароҳатланди. Вайрон бўлган бинолар остида қолган 10 минг нафар фаластинлик ҳозирча «дараксиз йўқолган» деган мақомда.

Тинч аҳоли орасида қурбонлар ошиб бораётган бир пайтда дунё бўйлаб Исроилга нисбатан кўмак сиёсатига қарши норозилик намойишлари кучаймоқда. Жумладан, жорий йил апрель ойи ўрталаридан бери АҚШнинг ўнлаб университетларида талабаларнинг норозилик акциялари ўтказилмоқда.

Халқаро ташкилотлар Исроил маъмуриятини халқаро гуманитар ҳуқуқни поймол этишда айбламоқда. Айни чоқда, Исроил армиясини қуроллантираётган биринчи рақамли мамлакат – АҚШдан қурол-аслаҳа етказишни тўхтатиш талаб қилинмоқда. Жумладан, Oxfam ҳамда Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Оқ уйга шундай чақириқ йўллади. Мазкур ташкилотлар Исроил бомбардимонларида минглаб фаластинлик тинч аҳоли вакиллари ўлдирилганини қайд этиб, Тель-Авив Вашингтон томонидан етказилаётган қуроллардан халқаро ҳуқуқ меъёрлари доирасида истифода этишини савол остига олган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг