Илон Маск давлат идораларини бегона ўтларга қиёслади

Миллиардер ва АҚШ давлат бошқаруви самарадорлиги департаменти (DOGE) раҳбари Илон Маск кўплаб давлат идораларининг баҳридан ўтиш кераклигини таъкидлаб, уларни даладаги бегона ўтларга қиёслади.
«Менимча, идораларни қисман эмас, бутунлай йўқ қилиш лозим. Шуниси тўғрироқ. Улар худди бегона ўтларга ўхшайди, томири билан суғуриб олинмаса, яна кўкариб чиқаверади. Шу боис кўплаб идораларни таг-туги билан йўқ қилишимиз керак», — деди Маск БААда ўтказилган ҳукуматларнинг жаҳон саммитида.
Бу қолган идораларнинг зиммасидаги ишларни кўпайтириши тайин. Бироқ энг тўғри йўл шу ва ўнлаб, балки юзлаб йиллар давом этувчи фаровонликка пойдевор қўйилади, деди миллиардер.
DOGE раҳбарининг айтишича, АҚШда ҳозир идоралар шунчалик кўпки, моҳиятан бир ишга масъул ва бир-бирига халақит беради. Маск айни ҳолатни спорт ўйинига таққослади: ҳакамлар жуда кўп, ҳатто ўйинчилар сонидан ҳам кўпроқ.
«Ҳозир АҚШда тахминан 450 хил идора бор. Яъни мамлакатга асос солинганидан буён деярли ҳар йили иккитадан идора тузилганга ўхшайди. Мамлакатни бошқаришимиз учун бизга нечта идора керак?», — деди Маск.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter