Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳиндча кинони эслатувчи воқеа: суд миллиардерлар оиласини озодликдан маҳрум қилди

Ҳиндча кинони эслатувчи воқеа: суд миллиардерлар оиласини озодликдан маҳрум қилди

Фото: Mathrubhumi

Келиб чиқиши ҳиндистонлик магнат Пракаш Ҳиндужа, унинг хотини, ўғли Ажай ва келини Намрата Швейцария суди томонидан айбдор деб топилди.

Бу оила Швейцариянинг Женева кўли бўйидаги ўз вилласида хизматкорларни таҳқирлаб ишлатган. Суд уларга нисбатан 4 йилдан 4,5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилади, деб ёзди Daily Mail.

Ҳиндужалар ишчиларнинг паспортларини олиб қўйиш, маошни швейцар франки ўрнига рупийда тўлаш, уларга вилладан чиқишни тақиқлаш, арзимас пул эвазига тинмай ишлашга мажбурлашда айбланган. Ҳиндистондан келтирилган ишчиларнинг тасдиқлашича, уларга суткасига 18 соат ишлагани учун 8 АҚШ доллари қийматида ҳақ тўланган, бу эса Швейцария қонунчилигида белгиланган минимал сумманинг ўндан бирини ҳам ташкил этмайди.

Бойлиги 47 млрд долларга баҳоланаётган оила ўз хизматкорларининг виллани тарк этишларига камдан-кам ҳолларда рухсат берган. Прокурорлар судда айтишича, оила хизматкорларидан кўра итларига кўпроқ пул сарфлаган.

Албатта, айбланувчи томоннинг адвокатлари суд ҳукми устидан апелляция беришларини маълум қилишди. Ёши 70 дан ошган катта Ҳиндужалар соғлиғи ёмонлиги важидан судга келмади, Ажай ва Намрата судда қатнашди, бироқ ҳукм ўқилган куни улар ҳам йўқ эди.

Ҳиндужалар оиласи Hinduja Group эгаси бўлиб, автомобилсозлик, нефтни қайта ишлаш, телекоммуникациялар, молия ва соғлиқни сақлаш соҳаларида фаолият юритади. Компанияга 1914 йилда асос солинган, штаб-квартираси Лондонда жойлашган. Ҳиндужалар Буюк Британиядаги энг бой оила ҳисобланади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг