Германия канцлери сирли жомадонда Киевга нима олиб келгани очиқланди
Германия канцлери Олаф Шольц Киевга кумушранг жомадонда нима олиб келгани маълум бўлди.
2 декабрь куни Украина пойтахтига поездда ташриф буюрган Олаф Шольцнинг қўлидаги салмоқлигина жомадон ОАВ ва жамоатчилик эътиборига тушди. Канцлер сирли жомадонни ёрдамчиларига бермай шахсан ўзи кўтариб юргани тусмолу шубҳаларни янада кучайтирди.
Ижтимоий тармоқларда олмон етакчиси Украинага ядро қуролини олиб келди деган ҳазиломуз овоза ҳам тарқалди. Айримлар эса жомадонда Украинага миллионлаб евро кўмак келтирилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.
Сирли жомадон атрофидаги гап-сўзлар шу қадар болалаб кетдики, Киевдаги матбуот анжуманида журналистлардан бири канцлернинг ўзидан масалага ойдинлик киритишни сўради.
Шольцнинг айтишича, жомадонда шунчаки шахсий эҳтиёж учун керакли буюмларни келтирган, холос. Бинобарин, турли миш-мишу овозаларда асос йўқ.
Албатта, Германия раҳбари Украинага қуруқ қўл билан келмаган экан. Маълум бўлишича, Берлин Киевга 650 млн евро миқдорида қурол-аслаҳа тақдим этади. Бу 1,4 млрд евролик кўмак пакетининг бир қисми саналади.
Аввалроқ Германия канцлери Олаф Шольц қирқ йўлдан буён тутиб келаётган портфель ҳазил-мутойибалар учун мавзуга айлангани ҳақида ёзган эдик.
«Bree» фирмаси ишлаб чиқарган, «Times 16» русумли қора портфелни Шольц 1980-йилларда Ҳамбург шаҳрида ҳуқуқшунос ёрдамчиси бўлиб ишлаган кезларда 890 маркага сотиб олган. Ўшандан буён дунёда тузумлар ўзгарди, Совет Иттифоқи деган давлат жаҳон харитасидан ғойиб бўлди, Шарқий ва Ғарбий Германия бирлашди, ҳатто «Bree» ширкати касодга учради. Аммо Олаф Шольцнинг портфели ўзгармади!
Маълумот ўрнида, Германия ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича дунёда тўртинчи мамлакат саналади. Олмон давлатининг йиллик ЯИМ 4 триллион доллардан ошади. Канцлер Шольцнинг ойлик маоши эса 30 минг еврони ташкил этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter