Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ЕОИИда яна келишмовчилик. Путин ягона бюджет ва солиқ тизими талаб қилмоқда

ЕОИИда яна келишмовчилик. Путин ягона бюджет ва солиқ тизими талаб қилмоқда

ЕОИИ олий кенгаши йиғилиши давомида Россия президенти Владимир Путин ва Беларусь раҳбари Александр Лукашенко ўртасида газ нархи бўйича мунозара келиб чиқди. Эслатиб ўтамиз, Лукашенко Россия газни Беларусга қиммат нархда, Европага, хусусан Германияга икки баробар арзон нархда сотаётганидан норозилик билдирган.

Путин дастлаб ЕОИИда газ нархи узоқ йиллардан буён ҳал қилинмасдан келинаётгани тан олди. У муаммо борган сари кучайиб, ташкилот ривожига ҳалал бераётганини ҳам таъкидлаган.

Аммо шундан сўнг Путин Лукашенконинг эътирозларига жавоб бераркан, газ транспортировкаси ва транзити учун ягона тариф фақатгина ЕОИИга бирлашишнинг маълум босқичидан сўнг мумкин бўлишини айтиб ўтди. Хусусан, Россия президенти ЕОИИ аъзоларидан ягона бозор, ягона бюджет ва ягона солиқ тизимига бирлашишни талаб қилмоқда. Яъни, Россия томони аввал бирлашиб, сўнгра газ нархи бўйича умумий талаб жорий этилишини билдирган.

Айни вақтда Германия Россиядан газни минг кубометри учун 65-68 доллардан сотиб олмоқда. Беларусга эса айнан шу газ 127 доллардан сотиляпти. Бу ҳолат Лукашенконинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Унинг таъкидлашича, «айниқса ғалабанинг 75 йиллигида шундай бўлаётгани ғалати». Бу билан Беларус раҳбари иккинчи жаҳон урушида Беларус собиқ иттифоқ таркибида Россия билан биргаликда Германияга қарши урушганига эътибор қаратишга уринган кўринади.

ЕОИИ ичида келишмовчиликлар фақат шу билан якунига етмаган. Шунингдек Қирғизистон ҳам Россиядан нархларни туширишни талаб қилмоқда. Эътиборли томони, Қирғизистонда газ етказиб берувчи «Қирғизгаз» ташкилоти тўлиғича «Газпром»га тегишли, аммо бу ҳолат ҳам газ нархлари юқорилигича қолишига ҳалал бермаган.

Бироз вақт муқаддам «Газпром» жорий йилнинг биринчи чорагида 300 миллиард рубл зарар кўргани хабар қилинган эди. Компаниянинг анъанавий харидорлари бўлган Европа давлатлари бошқа етказиб берувчилардан жуда кўп сиқилган табиий газ сотиб олгани ва нархлар тушиб кетгани бунга сабаб бўлмоқда. Россия бундай вақтда яқин ҳамкорларини қўллаб-қувватлашни истамаяпти ва кўрилаётган зарарнинг бир қисмини бўлса-да қоплашни маъқул кўрмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳам ЕОИИга кузатувчи давлат мақомида қўшилишга яқин турибди. Олий мажлис қонунчилик палатаси ва Сенат интеграцияни маъқуллаган. Жараён якунига етиши учун Президент қарор қабул қилиши лозим бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг