Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Араб генераллари Исроил бош штаби раҳбари билан махфий равишда учрашди

Араб генераллари Исроил бош штаби раҳбари билан махфий равишда учрашди

Генераллар М.Курилла ва Ҳ.Ҳалеви.

Баҳрайн пойтахти Манама шаҳрида араб давлатлари генераллари Исроил армияси бош штаби раҳбари, генерал Ҳерци Ҳалеви билан учрашди. Минтақавий хавфсизлик масалалари муҳокама қилинган учрашувда АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) бошлиғи, генерал Майкл Курилла ҳам қатнашган.  

«Axios» нашрига кўра, Ғазодаги уруш туфайли араб ва яҳудий генераллари учрашуви махфий тарзда ўтказилган ва унинг тафсилотлари жамоатчиликка ошкор этилмаган. 

Исроил генерали Баҳрайн, БАА, Саудия Арабистони, Иордания ва Миср ҳарбий мансабдорлари билан ҳаво ҳужумидан ҳимоя бўйича ҳамкорликни муҳокама қилган. 

Ғазо секторида Исроил томонидан ҲАМАС ҳужумига жавобан 2023 йил 7 октябрдан буён олиб борилаётган урушда 37372 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, 85452 нафари жароҳатланди.

Араб давлатлари расман Исроилнинг Ғазо секторидаги хунрезлигини қоралаб, тинчлик ўрнатилмагунга қадар Тель-Авив билан ҳамкорлик қилинмаслигини айтиб келмоқда.

«Axios» хабари эса парда ортида яширин мулоқот ва ҳамкорлик давом этаётганини тасдиқлайди.

«Ушбу учрашув Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий амалиёти жамоатчилик кўз ўнгида қораланиб, танқид қилинаётганига қарамай, Исроил ҳамда араб мамлакатлари АҚШ Марказий қўмондонлиги шафелигида ҳарбий мулоқот ва ҳамкорликни давом эттираётганидан далолат беради», – деб ёзади нашр.

Жорий йил  14 апрелга ўтар кечаси Эрон Исроил ҳудудига дрон ва ракеталар орқали ҳужум уюштирган эди. Ушбу амалиёт Исроил томонидан Эроннинг Дамашқдаги консуллиги бомбаланганига жавобан амалга оширилган.

«Times of Israel» газетасининг ёзишича, Эрон томонидан учирилган ракета ва дронларни уриб туширишда Исроилга АҚШ, Буюк Британия ва Франция билан бир қаторда Иордания, Саудия Арабистони каби араб давлатлари кўмаклашган. Улар Тель-Авивга разведка маълумотларини ҳам тақдим этган.

Баҳрайндаги учрашувда норасмий ҳамкорликни давом эттириш имкониятлари кўриб чиқилган.

2023 йил декабрь ойида «Bild» нашри ҳам араб давлатлари жамоатчилик кўз ўнгида Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини қоралаётган бўлса-да, парда ортида Тель-Авивни ҲАМАСга қарши курашда дастаклаётгани ҳақида ёзган эди.

2023 йил 11 ноябрь куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтган Араб давлатлари лигаси ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг қўшма мажлисида ҳам Ғазода минглаб тинч аҳоли вакиллари ўлимига сабаб бўлаётган Исроилга қарши амалий чоралар кўриш таклиф рад этилган эди.

Риёз учрашувида қатнашган аксар мусулмон давлатлар Исроилни Ғазода оммавий қирғинни тўхтатишга мажбурлаш учун нефть эмбаргосини қўллаш, дипломатик ва иқтисодий муносабатларни тўхтатиш, АҚШнинг Яқин Шарқ минтақасидаги ҳарбий базаларидан Исроилга ҳарбий техника етказишига тўсқинлик қилиш, Исроилнинг араб давлатлари ҳаво маконидан фойдаланишини ман этиш каби чораларни таклиф этган. Исроилни тийишга қаратилган мазкур таклифларга Саудия Арабистони, Миср, БАА, Иордания, Баҳрайн, Судан ва Жибути қарши чиққан.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг