Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

17 ёшли қиз дунёнинг қудратли президентига гап қайтарди (фото)

17 ёшли қиз дунёнинг қудратли президентига гап қайтарди (фото)

Коллаж: «Xabar.uz»

Жорий ҳафта давомида коронавирус офати, турли мамлакатларда давом этаётган норозилик намойишлари ҳамда даҳшатли ёнғинлар энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлди. Қуйида жаҳонда ҳафта давомида рўй берган энг муҳим 7 воқеани ёдга олиб ўтамиз.

1. АҚШнинг Виржиния штатида қурол тақиқига қарши намойишлар бўлиб ўтди. Штатнинг раҳбарияти қурол-яроғ савдосини тақиқлаш ва бу борада назоратни кучайтиришни таклиф этмоқда. Виржиния қонун чиқарувчи идораси қаршисида тўпланган издиҳом эса штат раҳбариятининг ушбу ташаббусини номақбул деб баҳолади. Фото: «Reuters»
2. Германия пойтахти Берлинда Ливияда тинчлик ўрнатишга бағишланган халқаро учрашув бўлиб ўтди. Канцлер Ангела Меркель ташаббуси билан ташкил этилган машваратда БМТ Бош котиби, Франция, Италия, Буюк Британия, Туркия, Миср, Россия, АҚШ давлат ва ҳукумат раҳбарлари, шунингдек, ташқи ишлар вазирлари қатнашди. Суратда Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон недир муҳим гап билан барчани ўзига қаратгани акс этган. Фото: «Getty Images»
3. Хитойда коронавирусни юқтирганлар сони тобора ошиб бормоқда. Сўнгги маълумотларга қараганда, ушбу дардга чалинганлар сони 1975, у туфайли вафот этганлар эса 56 нафарга етди. Хитой раҳбари Си Цзиньпин ўлимга олиб борувчи вирус шиддат билан тарқалаётганини тан олди. Сурат вирус ўчоғи – Ухан шаҳрида олинган. Фото: «Reuters»
4. Швейцариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон иқтисодий форумида швециялик иқлим ҳимоячиси Грета Тунберг АҚШ президенти Дональд Трамп билан баҳсга киришди. АҚШ етакчиси глобал иқлим ўзгаришлари оқибатларини камайтириш учун миллионлаб кўчат экиш ташаббусини илгари сурди. 17 ёшли Грета эса иқлим ўзгаришларини фақат ниҳол ўтқазиш билан ҳал этиб бўлмаслигини таъкидлаб, сиёсий арбобларни танқид қилди. Суратда Гретанинг президент Трамп мулоҳазаларига норозилик ифодаси сифатида залдан намойишкорона чиқиб кетаётгани акс этган. Фото: «Reuters»
5. Ироқда 2019 йил октябрдан буён ҳукуматга қарши норозилик намойишлари давом этмоқда. Жорий ҳафта эса мамлакат бўйлаб аксиламерика чиқишлари кучайди. Кўп минг сонли намойишчилар Ироқдан АҚШ ҳарбийлари чиқиш кетишини талаб қилмоқда. Фото: «AFP»
6. Австралияни ўз домига олган ёнғинларда миллиарддан зиёд жонивор ҳалок бўлди. 2019 йил август ойидан буён давом этаётган ёнғин инсоният тарихидаги энг даҳшатли офатлардан бири ўлароқ баҳоланмоқда. Ёнғинлар оқибатида 6,3 миллион гектар ўрмон ёниб кулга айланди, минглаб одам бошпанасини тарк этди. Суратда офатдан мўъжиза туфайли омон қолган кенгуру акс этган. Фото: «Reuters»
7. Австриялик Даниэль Бахер ўсмирлар ўртасида қишки Олимпия ўйинларида мураккаб трюкларни намойиш этмоқда. Лейзин, Швейцария. Фото: «OC».

C.Cалим тайёрлади

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг