Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

10 ёшли ворис. Ким Чен Иннинг ўрнини ким эгаллаши маълум...

10 ёшли ворис. Ким Чен Иннинг ўрнини ким эгаллаши маълум...

Отасининг қизи.  «Севимли»дан «ҳурматли»га айланган Ким Чжу Э.

Фото: KCNA

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг вориси масаласи кўпдан буён сиёсий давраларда муҳокама қилиб келинади. Жанубий Корея Миллий разведка хизмати бу борада ўз хулосасини эълон қилди. Унга кўра, Ким Чен Иннинг 10 ёшли қизи Ким Чжу Э бўлажак давлат раҳбари сифатида тайёрланмоқда.

2022 йилдан КХДР «доҳий»сининг қизи муҳим сиёсий ва ҳарбий тадбирларда отасига ҳамроҳлик қила бошлади. Ўтган йили у гоҳ раҳбар отаси билан биринчи ҳарбий разведка сунъий йўлдошини учиришга тайёргарликни кўздан кечирган бўлса, гоҳ армиянинг жанговар шайлигини текширишда қатнашди.

«Ким Чжу Энинг жамоатчилик нигоҳидаги фаолияти ҳамда унга кўрсатилаётган ҳурмат даражасини синчковлик билан таҳлил қилиш хулосаларига таяниб, у энг муносиб ворис сифатида кўрилаётганини тахмин қилиш мумкин», – дейилади Жанубия Корея жосуслик идораси баёнотида.

Жанубий Корея бирлашиш вазири Ким Ён Хо ҳам 2023 йил декабрь ойида ташкил қилинган матбуот анжуманида шундай хулоса берган эди. 

Шимолий Корея матбуоти аввалроқ Ким Чен Иннинг қизини «севимли» деб сифатлаган бўлса, кейинги вақтларда унга нисбатан «ҳурматли» нисбасини қўлламоқда. Таҳлилчилар буни жиддий ишора деб баҳоламоқда. Чунки Ким Чен Иннинг ўзига нисбатан «муҳтарам ўртоқ» сифати у мамлакатнинг бўлажак раҳбари сифатида узил-кесил тан олингандагина ишлатила бошлаган.

Ким Чен Ин ҳали нисбатан ёш, яна икки кундан кейин, 8 январда у 42 га тўлади. Айни шу жиҳатга эътибор қаратган The New York Times газетаси Шимолий Кореяда ворисийлик борасида кутилмаган ўзгаришлар рўй бериши эҳтимолини ҳам соқит қилмаган.

Шимолий Корея патриархал қарашдаги давлат саналади. Бу жиҳатдан ҳукумат тепасига аёл кишининг келишини жамият бирданига қабул қила олмаслиги мумкин. Sky News таҳлилига кўра, 10 ёшли қизини мунтазам равишда ёнида олиб юриш орқали Ким Чен Ин, аввало, қизалоққа шоҳона бошқарув расм-русумларини ўргатмоқда. Қолаверса, у жамоатчиликни ҳам аёл етакчи тимсолини қабул қилишга руҳан ҳозирлаётир. 

Бунга қадар «доҳий»нинг 36 ёшли синглиси, ҳозирда Шимолий Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитасининг тарғибот ва ташвиқот бўлими раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаётган Ким Ё Чжон эҳтимолий ворис ўлароқ кўрилган эди. 2020 йилда ҳам Ким Чен Ин юрак жарроҳлиги операциясидан кейин ўлим тўшагида ётгани, унинг ўрнини синглиси эгаллаши ҳақида овоза тарқалганди.

Ким Чен Иннинг укаси Ким Пхён Ир эса «захирадаги ворис» деб баҳолангани маълум.

Шимолий Корея халқ демократик республикаси таъсис этилган 1948 йилдан буён ўлкани Кимлар сулоласи идора этиб келади. Ким Ир Сен 1948–1994, Ким Чен Ир 1994–2011 йилларда раҳбарлик қилган. Бобоси ва отасидан қолган «тахт»ни  2011 йилда Ким Чен Ин эгаллаган. Шимолий Корея аҳолиси онгига Ким сулоласи вакиллари томирида муқаддас қон оқиши, улар мамлакат бошқарувига илоҳий кучлар томонидан йўллангани ҳақидаги чўпчаклар сингдирилади. Шунга кўра аксар таҳлилчилар мазкур сулоланинг тўртинчи авлоди ҳам олий ҳокимиятни эгаллашига шубҳа қилмайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг