Android qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Yuklab olish ×

Шавкат Мирзиёев ва Шаҳбоз Шариф Ўзбекистон-Покистон бизнес форумида иштирок этди

Шавкат Мирзиёев ва Шаҳбоз Шариф Ўзбекистон-Покистон бизнес форумида иштирок этди

Президент Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф Ўзбекистон-Покистон бизнес форумида иштирок этдилар.

Тадбирда икки мамлакат етакчи компанияларининг 300 нафарга яқин раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди. Покистон томонидан «Al-Rafique Enterprises», «Mehran Dates Products», «Brighto Chemicals», «Transfopower Industries», «FWO», «T.M.C», «Pakistan Mobile», «TCS» ва бошқа кўплаб компаниялар қатнашди.

Шавкат Мирзиёев ўз нутқида бугун бўлиб ўтган самарали музокараларда кўп қиррали шерикликни янада кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилингани, катта режа ва вазифалар белгилаб олинганини таъкидлади. Олий даражадаги стратегик шериклик кенгашини тузишга келишиб олинди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик икки томонлама муносабатларнинг «локомотиви» сифатида белгиланди.

- Улкан салоҳиятга эга бўлган иқтисодиётларимиз бир-бирини тўлдиришга қодир, - деди Президент Мирзиёев.

Ўтган йил якунларига кўра, товар айирбошлаш ҳажми 400 миллион доллардан ошди, 130 та қўшма корхона фаолият юритмоқда. Шу жиҳатдан Ўзбекистон Покистоннинг Марказий Осиёдаги энг йирик савдо шеригига айланди.

Кейинги йилларда бизнес учун қулай шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирлар фаол амалга оширилмоқда. Лаҳор билан авиақатновлар тикланди, рейслар сонини кўпайтириш ва парвозлар географиясини кенгайтириш режалаштирилган. Бизнес форумлари, саноат кўргазмалари ўтказилмоқда. Карачи ва Тошкент шаҳарларида савдо уйлари ташкил этилган.

Ўзбекистон-Покистон ҳамкорлиги янги лойиҳалар билан бойимоқда. «Pak Merit», «Diamond Group», «Silk-way», «Getz Pharm», «Gerbion», «NLS» ва бошқа компаниялар билан лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон етакчиси икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қатор таклифларни илгари сурди.

Аввало, йилига камида икки марта – Ўзбекистон ва Покистонда бизнес вакилларини кенг жалб қилган ҳолда ишбилармонлик тадбирларини мунтазам ўтказиб бориш муҳимлиги таъкидланди.

Жуғрофий яқинликни ҳисобга олиб, товар айирбошлаш ҳажмини кескин ошириш, шу жумладан амалдаги Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида товарлар номенклатурасини кенгайтириш, фитосанитария, карантин ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, банклараро ҳисоб-китоблар механизмларини такомиллаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Электрон савдо платформаларини интеграция қилишга алоҳида эътибор қаратилади.

Транспорт ва логистика имкониятлари кенгаймоқда. Сўнгги йилларда мамлакатлар ўртасида юк ташиш ҳажми 5 баробар ошди. Ушбу соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида қўшма транспорт-логистика компаниясини ташкил этиш режалаштирилган.

Хитойни Марказий Осиё билан боғлайдиган темир йўл қурилиши бошлангани мамнуният билан қайд этилди. Келажакда ушбу стратегик йўл Покистон бандаргоҳлари олиб чиқиши мумкин, бу эса ўзаро савдо ва инвестицияларни сезиларли даражада оширишга хизмат қилади.

Саноат кооперациясини жадал ривожлантириш мамлакатларимизнинг туб манфаатларига мосдир.

Фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, геология, тоғ-кон, электротехника, тўқимачилик, чарм саноати ва бошқа тармоқлардаги лойиҳалар шулар жумласидан.

Ҳудудлараро ҳамкорлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Шу маънода, ҳудудлар раҳбарларининг ўзаро ташрифларини фаоллаштириш, бунда икки мамлакат ишбилармон доираларини кенг жалб этиш муҳимлиги қайд этилди.

Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф, ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар дастурини, шунингдек, бизнес юритиш учун яратилган шароитларни юқори баҳолаб, шерикликни кенгайтириш учун катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.

Izohlar

Izoh qoldirish uchun saytda ro'yxatdan o'ting

Kirish

Ijtimoiy tarmoqlar orqali kiring