Android qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Yuklab olish ×

Шаҳарлар ичида шахсий автомобиллар ҳаракати бўйича чекловлар бекор қилиниши мумкин

Шаҳарлар ичида шахсий автомобиллар ҳаракати бўйича чекловлар бекор қилиниши мумкин

Фото: Xabar.uz

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда карантин талабларини ҳушёрликни оширган ҳолда янада юмшатиш, иқтисодиёт тармоқларини босқичма-босқич ишлатиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш чора-тадбирлари юзасидан 13 май куни видеоселектор йиғилиши ўтказилгани хабар қилинганди.

Йиғилишда юртимиздаги эпидемиологик вазият ҳамда ҳудудлар раҳбарларининг таклифларидан келиб чиқиб, карантин талабларини янада юмшатиш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, «яшил» ва «сариқ» ҳудудларда санитария-гигиена талабларига қатъий амал қилган ҳолда хизмат кўрсатиш турларига босқичма-босқич рухсат бериш мумкинлиги белгиланди.

Республика комиссиясига пандемия қайта кучайган тақдирда вазирлик ва идоралар бажариши лозим бўлган бирламчи вазифалар белгиланган тартибни тасдиқлаш топшириғи берилди.

Олис ҳудудларнинг пойтахтимиз билан транспорт алоқасини тиклаш жуда долзарб масала бўлиб турибди. Шу боис Тошкент шаҳридан Нукус, Урганч, Термиз шаҳарларига авиақатновларни тиклаш, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига «Афросиёб» тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига поезд қатновини қайта йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, шаҳарлар ичида шахсий автомобиллар ҳаракати бўйича чекловларни бекор қилиш масаласи ўрганилмоқда. Транспорт, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликларига булар бўйича Республика комиссиясига таклиф киритиш вазифаси қўйилди.

Маълумки, касаллик юқиши хавфидан келиб чиқиб, тўловлар нақдсиз шаклга ўтказилган эди. Аҳоли, айниқса, пенсионерларнинг мурожаатларини ҳисобга олиб, иш ҳақи, нафақа ва пенсиялар, карантин қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда, нақд пулда тарқатилиши белгиланди.

Тошкент шаҳри туманларида муносиб иш жойлари ташкил этиш, уй-жойлар қурилишини кенгайтириш бўйича топшириқлар берилди.

Izohlar

Izoh qoldirish uchun saytda ro'yxatdan o'ting

Kirish

Ijtimoiy tarmoqlar orqali kiring