Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Зуҳронинг бир сири очилди

Зуҳронинг бир сири очилди

Фото: «Pic2.me»

Зуҳро (Венера) «жуда секин» сайёра — бир суткаси Ернинг 243 суткасига тенг. Фанга ҳозиргача шуниси маълум эди. Бироқ янги тадқиқотлар қўшни сайёрада сутканинг узунлиги ҳар сафар 20 дақиқагача ўзгариши мумкинлигини  кўрсатмоқда.

Маълумот учун: Қуёш тизимидаги сайёралар орасида Зуҳро Ерга энг яқини: катталиги, массаси ва масофа жиҳатидан. Зуҳродан Ергача масофа ҳар икки сайёранинг Қуёшга нисбатан жойлашувига қараб 38 млн.дан 261 млн. км.гачани ташкил этади.
Солиштириш учун: Ер ва Марс ўртасидаги бу нисбат 55,76 млн. км.дан 401 млн. км.гача.

Венерага 15 йил муттасил радиотўлқинлар жўнатиб турган Лос Анжелесдаги Калифорния университети олимлари ниҳоят қайтган сигнални «тутиш»га муваффақ бўлишди. Маълум бўлишича, бу сайёрада сутканинг давомийлиги 20 дақиқагача ўзгариш хусусиятига эга. Бу ҳолат Ерникига нисбатан 93 баравар оғир атмосфера босими билан изоҳланмоқда. Агарда шамол Венера айланиши бўйлаб эсса унинг айланиши тезлашади, қарама-қарши томонга эсганида секинлашади.

Шунга ўхшаш ҳодиса Ерга ҳам хос, бироқ бизнинг атмосферамиз сутканинг давомийлигига таъсир этарлик даражада кучга эга эмас, нари борса кўрсаткич миллисекундларга ўзгаради, холос.

Калифорниялик олимларнинг кашфиёти Зуҳрога бўлғуси миссиялар олдидан ўта муҳим. 20 дақиқалик тафовут фазовий қурилмаларни сайёрага қўндиришни қийинлаштиради, улар мўлжалланган нуқтага эмас, бошқа жойга бориб тушиши мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг