Унутилмас йиллар, машаққатли, аммо шарафли йўл... (фото)
Жорий йилда «UNICON.UZ» – «Фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази» ДУКнинг ташкил этилганига 30 йил тўлди. Бу муддат тарих силсиласида унчалик катта муддат эмас, аммо корхона жамоаси учун унутилмас йилларга айланди. Мамлакатимиз ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш тизимида олиб бориладиган илмий тадқиқот ишлари «UNICON.UZ» ДУК зиммасига юклатилган.
Таъкидлаш жоизки, UNICON.UZ фаолиятининг асосий йўналишлари ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, стандартлар, нормалар, техник талаблар ишлаб чиқиш, алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, концепциялар, турли қуйи соҳаларни, фаолият доирасини ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш, шунингдек, янги технологияларни жорий этиш ҳисобланади. Бундан ташқари, корхона фаолияти доирасига дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш, ахборотни криптографик муҳофаза қилиш масалалари, илмий-техник журналлар нашр этиш, консалтинг хизматлари ҳам киради.
Шунингдек, «UNICON.UZ» ДУК телекоммуникациялар техник воситаларини сертификатлаш, телекоммуникациялар объектларини ривожлантириш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларининг экспертизаси, ахборот хавфсизлиги, электромагнит мослашув, нархни шакллантириш муаммолари каби йўналишлар бўйича ҳам фаолиятни амалга оширади, телекоммуникациялар, алоқа ва ахборот технологиялари соҳасида атамалар ва атамашунослик луғатлари ишлаб чиқади.
Ҳозирги вақтда «UNICON.UZ» ДУКда 184 нафар ходим меҳнат қилади. Улар таркиби юқори малакали ходимлар, шу жумладан, бир академик, бир фан доктори, ўн нафар фан номзоди билан тўлдирилган. Шунингдек, ходимларнинг 28 нафари фан доктори илмий даражасини олиш учун мустақил тадқиқотчи сифатида фаолият юритади. Юздан ортиқ ходим олий маълумотга эга.
Корхонанинг 30 йиллик юбилей тантаналарига меҳнат фахрийлари таклиф қилинди. Тадбирда АКТ вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекось сўзга чиқиб, «UNICON.UZ» ДУК жамоасини қутлуғ сана билан табриклади ҳамда корхонанинг бир гуруҳ ходимларига вазирликнинг идоравий мукофотларини топширди. Ўз навбатида, корхонада узоқ йиллар ишлаган ТАТУ профессори, техника фанлари номзоди Рихси Исаев ва «UNICON.UZ» ДУК директори Махсум Маҳмудов жамоа босиб ўтган шарафли йўл ҳақида сўз юритишиб, эзгу тилаклар билдиришди.
Тадбирда корхона фаолиятига бағишланган китобнинг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter