Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Samsung энг юпқа смартфонини тақдим этади

Samsung энг юпқа смартфонини тақдим этади

Фото: Prakhar Khanna

Samsung ўз тарихидаги энг юпқа смартфон — Galaxy S25 Edgeни келаётган апрелда тақдим этади. GizmoChina нашри бу ҳақда Seoul Economic Daily (SED)га асосланиб хабар берди.

Катта эҳтимол билан Galaxy S25 Edge 16 апрелда тақдим этилади. Сотуви эса май ойида бошланади, илк партия 40 минг нусха билан чекланган, дейилади хабарда. Илк смартфонлар уч рангда: оч ҳаворанг, қора ва кумушранг бўлиши айтилмоқда.

Galaxy S25 Edge қандай бўлиши ҳақида ҳозирча қуйидагилар тахмин қилиняпти: 

Экран. Ултраюпқа Galaxy S25 Edge смартфонида 6,6 дюймли AMOLED-дисплейи ўрнатилади (янгиланиш тезлиги — 120 Гц, ёрқинлик даражаси — 1600 нит).

Процессор ва хотира. Қурилмада Snapdragon 8 Elite for Galaxy процессори 12 ГБ оператив хотира ва 512 Гб гача ички хотира билан мутаносибликда ишлайди.

Оператив тизим. Смартфон Android 15 да ишлайди, фойдаланиш қулай бўлиши учун Samsung One UI 7 қобиғи (мослаштирилган андроид) татбиқ этилган.

Камера. Қўшалоқ: асосий — 200 МП ва ултра кенг бурчакли — 12 МП. Селфи учун 12 Мп камера ўрнатилиши мумкин.

Аккумулятор. Сиғими — 3900 мАс (смартфон юпқалиги учун шундай чеклов бўлиши мумкин), 25 Вт тезкор ҳамда симсиз қувватлаш технологияси кўзда тутилган.

Смартфоннинг орт панели керамикадан ишланади. Компания шу пайтгача чиқарган смартфонлар орасида энг юпқалиги айтилаётган Galaxy S25 Edge қалинлиги — 5,84 мм, оғирлиги — 162 грамм.

Смартфон ҳақида батафсил ва аниқ маълумотларни апрел ўрталарида билиб оламиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг