Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қашқадарёда илк «Рақамли технологиялар ўқув маркази» очилди

Қашқадарёда илк «Рақамли технологиялар ўқув маркази» очилди

Фото: Афтондил Исмоилов

Вилоятнинг Касби туманида Президентнинг бешта муҳим ташаббуси доирасида «Рақамли технологиялар ўқув маркази» очилди.

Марказ учун «Ўзбектелеком» АК Қашқадарё филиали Касби телекоммуникация боғламасига қарашли бўш турган телефон станциясининг биноси ажратилиб, тўлиқ таъмирдан чиқарилди ва муассасанинг тўлақонли фаолият кўрсатиши учун зарур жиҳоз ҳамда технологик воситалар билан жиҳозланди.

Фото: Афтондил Исмоилов

Маърузалар зали ва компьютерлаштирилган ўқув хонасида телекоммуникация корхоналари ходимларининг малакаси ҳамда янги технологияларни жорий этиш бўйича кўникмаларни ошириш, ёшларга ахборот технологиялари ва электрон тижорат соҳасида инновацион тадбиркорлик асосларини ўргатиш, ахборот технологиялари соҳасида стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлашнинг замонавий ҳамда самарали механизмларини яратиш, компьютер технологиялари, дастурлаш, робототехника ва киберспорт асосларини ўргатиш учун зарур шароитлар яратилди.

Фото: Афтондил Исмоилов

Очилиш маросимида Касби тумани ҳокими Тўхтамурод Мейлиев, вазирликнинг ҳудудий бошқарма бошлиғи Санжар Арипов, IT-маркази директори Нодир Алибеков, шунингдек, жамоатчилик вакиллари, халқ таълими бўлими мутасаддилари, ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳаси корхона, ташкилот ҳамда компаниялари вакиллари ва ўқувчилар иштирок этишди.

Фото: Афтондил Исмоилов

— Бугун жамият тараққиётини ахборот коммуникация технологияларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Табиийки, соҳа бўйича етук мутахассислар тайёрлаш тизимини ҳам давр талабига ҳамқадам тарзда такомиллаштириб бориш вазифаси қўйилмоқда, — дейди IT-маркази директори Нодир Алибеков. — Айниқса, барча жабҳаларда рақамли технологиялар жадал татбиқ этилаётган бугунги кунда бу масалада фақат олий ва махсус ўқув юртларига суяниб қолмасдан, мутахассислар тайёрлашнинг интенсив, инновацион усулларидан ҳам кенг фойдаланиш тақозо этилмоқда.

Фото: Афтондил Исмоилов

Ушбу марказ ёшларнинг бўш вақтини унумли ўтказиш, уларни замонавий ахборот технологияларидан фойдалана олиш кўникмаларини оширишга кўмак беради. Марказ компьютерлар ва зарур жиҳозлар, Wi-Fi ҳудуди билан таъминланиб, эндиликда унда туман ёшларига ахборот технологиялари, дастурлаш, робототехника, киберспорт асослари ва электрон тижорат каби йўналишларда билим ва кўникмалар берилади.

Республикамиз бўйлаб (вилоят ва туманларда) 188 та шундай марказ ташкил этилиши кўзда тутилган бўлиб, унинг йигирма учинчиси Касбида ўз фаолиятини бошлади.

Афтондил Исмоилов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг