Мобил қурилмаларни бепул рўйхатдан ўтказишга шошилинг! Бу хизмат 1 декабрдан пуллик бўлади (фото+видео)
Бугун, 20 сентябрь куни Ўзбекистон алоқа тарихи музейида «UZIMEI ягона маълумотлар базасида мобил қурилмалар IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш тизимини жорий этиш» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Матбуот анжуманида ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси, «Ўзбектелеком» АК, мобил алоқа операторлари, маҳаллий мобил қурилмалар ишлаб чиқарувчилари ва импортчилари, «ЎТТБРМ» ДУК мутахассислари иштирок этдилар.
Тадбирда мутахассислар «UZIMEI» лойиҳасини Ўзбекистонда жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот беришди.
Мамлакатимизда замонавий сервисларни жорий этиш, шунингдек, мобил алоқа модули билан маҳаллий мобил телефонлар ва қурилмаларни халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш муносабати билан АКТ вазирлиги мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш тизимини жорий этиш бўйича иш олиб бормоқда.
Ёдингизда бўлса...
2019 йилнинг 1 апрелидан бошлаб республикамизда мобил қурилмалар IMEI-кодларини автоматик равишда рўйхатдан ўтказиш ишлари бошланган эди.
Буни ўқинг: Осон ва бепул. Ўзбекистонда мобил қурилмаларни рўйхатга олиш 1 апрелдан бошланади
Бугунги кунга қадар UZIMEI-ягона маълумотлар базасида GSM стандартидаги (ҳозирча CDMA стандартидаги қурилмаларнинг IMEI-кодлари рўйхатга олинмайди) 30 миллионга яқин мобил қурилмалар рўйхатдан ўтган. Шундан қарийб 500 мингтаси хатоли IMEI-кодларга эгалиги аниқланган.
Яқинда эса, ҳукумат қарори билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Лойиҳа қандай имкониятлар беради?
Тадбирда қайд этилганидек, UZIMEI лойиҳасини жорий этиш қуйидаги имкониятларни яратиб беради:
- Мобил қурилмалар ўғирланиши ва ноқонуний фойдаланилишининг олди олинади (мутахассислар тили билан айтганда, бундан кейин телефон ўғирлашдан маъни йўқ, у ўғирланганида оддий «ғишт»га айланади);
- GSMA-халқаро стандартларига жавоб бермайдиган ва инсон саломатлигига зарар етказадиган сифатсиз мобил қурилмаларнинг сотуви олди олинади;
- Ўзбекистон телекоммуникация бозорида соғлом рақобат муҳити шакллантирилади;
- Ички бозор сохта мобил қурилмаларни олиб кириш ва сотишдан ҳимоя қилинади.
Видео
Матбуот анжуманида мобил қурилмалар IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш тартиби ва усуллари ҳақида видеотақдимот ўтказилди.
Ушбу видеороликлар тизим ҳақида сизга аниқ тушунча беради.
UZIMEI тизими ва IMEI-кодини аниқлаш усули
UZIMEI лойиҳаси мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган тизим мобил қурилманинг IMEI-кодининг ҳолатини текшириш ва сотиб олишдан олдин номаълум, клонланган, йўқолган ва ўғирланган мобил қурилмани ўз вақтида аниқлаш имконини беради.
Бунинг учун IMEI-кодини SMS/US SD сўровлари ҳамда UZIMEI расмий веб-сайтида (www.uzimei.uz) ёки 1170 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб текшириш мумкин.
Диққат! Аввалига бепул, кейин пулли...
UZIMEI лойиҳаси мутахассислари маълум қилишича, 2019 йил 1 ноябрдан бошлаб мобил қурилмалар IMEI-кодларини бепул рўйхатдан ўтказиш учун тизим операторига мурожаат қилиш орқали амалга оширилади.
Шунингдек, 1 ноябрдан бошлаб:
- Почта алоқа бўлимларида;
- SMS ва USDD сўровлар орқали;
- UZIMEI тизими оператори;
- Ўзбекистон Республикасининг ягона интерактив давлат хизматлари портали (www.my.gov.uz) орқали рўйхатдан ўтиш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида роуминг хизматида ишлайдиган мобил қурилмалар учун рўйхатдан ўтиш мажбурий эмас. Норезидентларга биринчи тармоқ фойдаланишидан бошлаб 30 календар кун мобайнида мобил алоқа хизматларидан фойдаланиш учун рухсат берилади.
IMEI-кодларини ноябрь ойида бепул рўйхатдан ўтказишга улгурмаганларнинг мобил қурилмалари тизим оператори томонидан 2019 йил 1 декабрдан бошлаб тўлов орқали рўйхатдан ўтказиш бошланади. Бунда қурилмадан тармоқда фойдаланишни бошлаганига 30 кундан ошмаган фойдаланувчилар (жисмоний шахслар) базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ, ҳозирда 223 000 сўм)нинг 20 фоизи, тармоқда фойдаланишни бошлаганига 30 кундан ошганлар эса БҲМнинг 25 фоизи миқдорида тўловни амалга оширадилар.
Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудига мобил қурилмаларни олиб кирувчи импортёрлар 1 декабрдан БҲМнинг 20 фоизи, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар эса БҲМнинг 10 фоизи миқдорида битта IMEI-кодни рўйхатдан ўтказишга тўлов қилади.
Шу ўринда эслатма! Икки SIM-картали мобил қурилмаларнинг ҳар бир слоти алоҳида IMEI-кодга эга ва уларнинг ҳар бирини рўйхатдан ўтказиш лозим бўлади.
Энди мобил қурилмалар нархи қимматлашадими?
Табиийки, кўпчиликни бир савол қизиқтиради: ушбу тизимнинг ишга туширилиши мобил қурилмалар нархини қимматлаштирмайдими? Чунки хориждан яширин йўллар билан қурилмаларнинг олиб кирилиши қийинлашади, қолаверса, 1 декабрдан бошлаб импортёрлар ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга IMEI-кодни рўйхатдан ўтказишга тўлов жорий этилади...
Мутахассислар фикрича, ички бозорнинг сохта мобил қурилмаларидан тозаланиши ҳисобига нархларда бироз ўсиш кузатилиши ҳам мумкин. Бироқ соғлом рақобат муҳити шакллантирилиши ҳисобига нархларнинг кескин кўтарилиши ўз-ўзидан бартараф бўлади. Қолаверса, тадбирда иштирок этган айрим импортёр ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар тизимнинг йўлга қўйилиши билан нархлар оширилмаслигини билдиришди...
Тавсия!
Мутахассислар шу йилнинг 1 ноябрь санасига қадар мобил қурилмалардаги барча SIM-слотларни фаоллаштиришни; мобил қурилмани харид қилишдан олдин IMEI-код статусини текширишни; смартфон харид қилишда сотувчидан қурилманинг ҳужжатларини талаб қилишни тавсия қилишади. Шунда ҳам вақтдан, ҳам нақддан ютган бўласиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter