Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Рақамли шаҳар» бўйлаб саёҳат (видео)

Куни кеча Шавкат Мирзиёев Андижон шаҳрида Digital City номли технопарк билан танишганди.

«Xabar.uz» ижодий жамоаси ушбу технопаркда бўлиб, махсус видеолавҳа тайёрлади.

Андижонда 5,6 гектар майдонда қуриб битказилган, 4 қаватли 3,5 минг кв.м.ни ташкил этадиган ушбу мажмуа ахборот технологиялари ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, дастурий маҳсулотлар экспортини йўлга қўйишга қаратилган. Ҳозирги кунда бу ерга туманлардан 328 нафар мутахассис жалб этилган.

Технопаркда маҳаллий ёшлар, тадбиркорлар, янги ҳунар ўрганиш истагида бўлган фуқаролар учун кенг қулайликлар яратилган. Жумладан, коворкинг маркази, дата-центр, конференц-зал, кутубхона, инновацион лаборатория ва ўқув хоналари, бизнес-инкубатор, медиамарказ, киберспорт хонаси ташкил этилган.

Технопарк 50 дан ортиқ янги ахборот технологиялари соҳасида хизмат кўрсатадиган корхоналарни жойлаштириш учун мўлжалланган. Мазкур технопаркда корхоналарга ўз фаолиятини амалга ошириш учун зарур инфратузилма ҳамда офис майдонлари тақдим этилиб, уларга молиявий, маркетинг, юридик ва бошқа консалтинг хизматлари кўрсатилади.

Технопарк резидентлари ва олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро кооперация алоқалари йўлга қўйилади. Технопарк резидентлари томонидан вилоятдаги Андижон давлат университети, Қишлоқ хўжалик институти ҳамда Машинасозлик институти талабалари учун турли хил амалий машғулотлар, лаборатория дарслари ўтказилади.

Маълумот учун:

Ушбу тадбирларни амалга ошириш натижасида 2022 йил якунига қадар қуйидаги кўрсаткичларга эришишга кўзда тутилган:

  • 1000 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади ҳамда 120 та масофадан IT-хизматларини кўрсатувчи фрилансерлар пайдо бўлади;
  • рақамли технологиялар ва дастурлаш асослари бўйича 40 мингдан ортиқ талаба ва ёшлар ўқитилади;
  • 50 та IT-йўналишида молия технологиялари, қишлоқ хўжалиги, электрон тижорат, машинасозлик соҳаларига йўналтирилган стартап-лойиҳалар амалга оширилади;
  • 500 дан ортиқ ёшлар билан дастурлаш, робототехника, 3D архитектура, киберспорт йўналишида амалиёт ўтилади;
  • 1,5 мингдан ортиқ давлат ташкилотлари ҳодимлари ахборот технологиялари соҳасида малакаларини оширади.

IT-соҳасида дастурий маҳсулот ишлаб чиқувчи корхоналар томонидан:

Андижон вилоятининг қишлоқ ва сув хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш, банк ҳамда бошқа соҳаларда рақамли технологияларни жорий этиш орқали ҳамда Ҳиндистон (STPI), Беларус (PVT), Россия (Сколково) давлатларининг технопарклари ҳамда АҚШдаги IT-Парк ваколатхонаси билан яқин ҳамкорлик ўрнатган ҳолда 2022 йилда умумий хизматлар ҳажми 50 миллиард сўмга етказилади.

Таъкидланишича, ахборот технологиялари ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, дастурий маҳсулотлар экспортини йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилган Digital City моҳиятига кўра, Тошкентдаги IT-паркдан сўнг иккинчи, вилоятлар миқёсида эса биринчи лойиҳадир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг