Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Педагоглар малака тоифа сертификатларининг амал қилиш муддатлари узайтирилди

Педагоглар малака тоифа сертификатларининг амал қилиш муддатлари узайтирилди

Фото: Xabar.uz

Ҳар йили март-июн ойларида педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифаларини бериш жараёнлари ташкил қилинмоқда. Жумладан, жорий йилда олий ва биринчи малака тоифалари ҳамда Бош ва етакчи ўқитувчи лавозимларига талабгор 57 минг 743 нафари педагогларни малака синовларини реал вақт режимида ва онлайн тарзда Тошкент шаҳри педагоглари учун 2-7 март кунлари, қолган ҳудудлар учун эса 25 мартдан 10 апрелга қадар ўтказиш белгиланган эди.

Маълумки коронавирус пандемияси туфайли карантин эълон қилиниб, ушбу жадвалларга ўзгартиш киритилди. Республикамизнинг 13 та ҳудудида (Тошкент шаҳардан ташқари) 56 минг 101 нафар олий ва биринчи малака тоифаларига ҳамда бош ва катта ўқитувчилари лавозимларига талабгор педагоглар учун малака синовларини республикадаги эпидемиологик вазият барқарорлашгандан кейин ўтказиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, педагогларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида, жорий йилда амал қилиш муддати тугайдиган малака тоифаси тўғрисидаги сертификатларнинг амал қилиш муддати 31 декбрга қадар узайтирилди.

Бу йилги педагог кадрлар аттестациясида педагоглар учун навбатдаги (мажбурий) ва ўз аризаларига кўра муддатидан илгари қатнашаётган педагоглар бир вақтда, яъни жорий йилнинг март-июнь ойларида ўтказилиши белгилан эди.

Мазкур жараёнларга тайёргарлик ишлари ўтган йилнинг октябрь ойидан бошланган бўлиб, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан қуйидаги ишлар амалга оширилган. Биринчидан, тасарруфида таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этилган педагог кадрлар тўғрисидаги буюртмалари қабул қилинди. Улар таҳлил қилиниб, умумлаштирилди. 112 минг 935 нафар (улардан 57 минг 743 нафари Олий ва биринчи малака тоифаларига талабгорлар) педагоглар тўғрисидаги маълумотлар pka.tdi.uz-электрон базасига жойлаштирилди;

Иккинчидан, олий ва биринчи малака тоифали ҳамда ушбу малака тоифаларига талабгор педагоглар учун ўқув фани бўйича малака синовлари назорат материалларини экспертизадан ўтказиш, назорат материаллари мазмунини малака тоифаларига мос равишда табақалаштириш мақсадида 200 нафардан ортиқ амалиётчи педагог ўқитувчи-методистлардан иборат экспертлар гуруҳи шакллантирилди.

Учинчидан, педагоглар учун қулайликлар яратиш мақсадида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан февраль ойидан бошлаб барча ўқув фанларидан онлайн-репетициялар ташкил этилди. Онлайн-репетициялар орқали аттестациядан ўтувчилар онлайн-тест дастури билан яқиндан танишишлари, дастурдан тўғри фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришлари, ўзлари ҳақидаги маълумотларни электрон базага тўлиқ ва тўғри киритилганлигига ишонч ҳосил қилиш ва назорат материаллари йўналишлари бўйича тасаввурга эга бўлишди. Тўртинчидан, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг ҳамда тасарруфида таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар билан педагог кадрлар аттестациясини ўтказиш бўйича 11 та қўшма қарори имзоланиб ижрога йўналтирилди;

Шу ўринда Тошкент шаҳри педагог кадрлари учун ўтказилган малака синов натижаларининг таҳлиллари билан таништирмоқчимиз. Тошкент шаҳрида ўтказилган малака синовларида 1372 нафар педагог иштирок этиб, уларнинг 72 нафари узрли сабабларга кўра иштирок этмади. Малака синовларининг натижаларининг дастлабки таҳлилларига кўра педагогларнинг ўртача кўрсаткичи 59,1 баллни ташкил қилиб бу кўрсаткич 2019 йилга нисбатан 4,7 балга пасайган.

Тошкент шаҳар педагог кадрлари кўрсаткичларини 100 баллик рейтинг тизими асосида таҳлил қилинганда, иштирок этган 1372 нафар педагогларнинг 38 нафари 86-100 баллгача, 272 нафари 71-85 баллгача, 548 нафари 55-70 баллгача, 514 нафари 55 баллдан паст натижа кўрсатган.

Тест синовлари натижаларига кўра, 93 нафар (6,7%) педагог олий малака тоифасига мос натижани қайд этган, 461 нафар (33,6%) педагог биринчи малака тоифасига, 247 (18,0%) нафар педагог иккинчи малака тоифасига, 571 (41,6%) нафари эса мутахассис малака тоифасига мос келадиган кўрсаткичларни қайд этишди.

Тест синовлари натижаларининг ўқув фанларидан ўртача баллар бўйича таҳлил қилинганда Кимё фанидан 63,6 балл (ўтган йилга нисбатан +17,7 балл), Биология фанидан 56,8 балл (ўтган йилга нисбатан +2,6 балл), Она тили ва адабиёт фанидан 56,7 балл (ўтган йилга нисбатан +1,8 балл) билан кўрсаткич ўсган. Аммо География фанидан 53,9 балл (ўтган йилга нисбатан -18,1 балл), Информатика фанидан 48,6 балл (ўтган йилга нисбатан -17,1 балл), Инглиз тили фанидан 54,7 балл (ўтган йилга нисбатан -13,2 балл), Тарих фанидан 49,8 балл (ўтган йилга нисбатан -6,8 балл) билан кўрсаткич кескин пасайиб кетган.

Маълумки, 2021 йилда Ўзбекистон ўқувчилари илк маротаба ўқувчи-ёшлар билимларини баҳолашнинг PISA халқаро тадиқотларида иштирок этадилар. Педагоглар мазкур тадқиқотлар ўтказиладиган информатика, тарих, география, инглиз тили, физика фанларидан паст кўрсаткичларни қайд этишган.

Тошкент шаҳрининг педагог кадрлар аттестациясидаги ўртача кўрсаткичлари (59,1 балл) сўнгги икки йилларда пасайиб кетаётганлиги, айниқса тест синовларида 514 нафар 55 балдан паст “қониқарсиз” натижалар қайд этилиши педагогларнинг ўз устида камроқ ишлаётганликлари ва ўз малакаларини оширишга етарли эътибор қаратмаганликларидан далолат бермоқда. Шундай экан, ушбу таҳлилларни кузатиш орқали педагоглар ўз устида самарали ишлаб, вақтдан унумли фойдаланган ҳолда малака синовларига пухта тайёргарлик кўришлари мақсадга мувофиқ.
Сафарали Ҳамроев
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат
қилиш давлат инспекцияси бўлим бошлиғи

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг