Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда илк бор Миллий малакалар рамкаси тасдиқланди

Ўзбекистонда илк бор Миллий малакалар рамкаси тасдиқланди

Жорий йилнинг 15 май куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида Касбий малакалар, билим ва кўникмаларни ривожлантириш миллий тизими фаолиятини ташкил этиш чоралари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан Ўзбекистон Республикаси Миллий малакалар рамкаси ҳамда Касбий малакалар, билим ва кўникмаларни ривожлантириш миллий тизими тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Маълумки, ўтган йиллар мобайнида мамлакатимиздаги профессионал таълим дастурлари ЮНEСКО ташкилоти томонидан қабул қилинган Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи (МСКО) даражалари билан уйғунлашмаганлиги, ўқув жараёнига Ўзбекистоннинг Миллий квалификация тизими тўлақонли жорий этилмаганлиги тайёрланаётган кадрларнинг меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллашларига тўсқинлик қилиб келаётган эди.

Бу эса ўз навбатида касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларини тугаллаган ёшларимиз хорижий давлатларда ўз мутахассисликлари бўйича ишлашларига ҳам имкон бермаётган эди.

Айни камчиликларни бартараф этиш, мавжуд касб-ҳунар таълими тизимини тубдан ислоҳ қилиш, илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда мутлақо янги профессионал таълим тизимини йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5812-сон Фармони қабул қилинган эди.

Мазкур фармонда белгиланган вазифалар ижроси таъминлаш мақсадида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон-Швейцария «Ўзбекистонда касбий кўникмаларни ривожлантириш» лойиҳаси ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар, шунингдек Ўзбекистонда самарали фаолият юритаётган хорижий лойиҳалар экспертлари билан биргаликда 20 дан ортиқ хорижий давлатларнинг (Германия, Франция, Россия, Жанубий Корея, Туркия, Қозоғистон, Белорус Республикаси, Молдово) тажрибалари ўрганилиб, Ўзбекистонда илк бор Миллий малакалар рамкаси ишлаб чиқилди.

Шунингдек, бугунги кунда тармоқ квалификация рамкалари, касб ва мутахассисликлар бўйича профессионал стандартлар ҳамда табақалаштирилган таълим дастурларини яратиш ва янги ўқув йилидан жорий этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Миллий малакалар рамкасининг тасдиқланиши меҳнат бозорида ноформал тарзда таълим олган минглаб ҳамюртларимизни квалификацияларини тан олинишига имкон беради ва улар ўз билим, кўникма ва малака даражасига мос касб ва мутахассисликлар бўйича ишлай олишларига имконият яратади.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Миллий малакалар тармоқлар малакалар рамкалари, касб ва таълим стандартлари, миллий ва халқаро даражада малакаларни тан олишнинг касбий таълимнинг барча даражалари учун ягона механизмларни назарда тутувчи, малакаларни тармоқлараро ва халқаро таққослашни таъминловчи компетенцияни баҳолаш тизими Касбий малакалар, билим ва кўникмаларни ривожлантириш миллий тизимининг институционал компоненти ва асоси ҳисобланади.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси
Матбуот хизмати

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг