Улуғбек Ҳамдам: Оҳангсизлик – руҳбузар нағмалар бизни бошқармоқда
Мусиқа, қўшиқ... Хуллас, оҳанг... У замонавий инсон ҳаётида қанчалар ўрин тутади? Жиддийроқ ўйлаб кўрганмисиз? Масалан, мен ўйлаб тураман. Чунки ёшлигимдан мусиқага, қўшиққа ошно бўлиб улғайганман. Отамга рубоб олдирганман, тўгаракларга қатнаганман. Мактаб тадбирларида ҳатто қўшиқ ҳам айтганман. Лекин энг баланд пардаларни, авжни, масалан, Шерали Жўраевдек ололмаганим учун «мендан қўшиқчи чиқмайди!» дея бу ишга нуқта қўйганман. Энди ҳозиргиларга қарасам, куйлаш учун баланд овоз керак эмасдек. Умуман овози «йўқ»лар ҳам қўшиқчи, ҳатто юлдуз. Менда эса тузуккина овоз бор эди. Ҳатто Рубобни ҳам дуруст чалардим.
Эсимда, Туркияда ўқиб юрган кезларим, ётоқхонада, ўз хонамда ҳеч ким йўғида гитарани рубобга ўхшатиб, юртимизда қалбимга сингиб кетган қайсидир бир куйга ўзимдан ул-бул қўшиб, эрмак қилиб чалиб ўтирсам, қўшни хонадан буни эшитган бир турк талаба йигит эшик чертиб келди-да, «Валлоҳи, бу куйни яратган миллатни енгиб бўлмайди!» деб юборганди. Қизиқ, бу куйни яратган пайтда халқимиз қандай ҳолда экан – озодмикан ёки қул?..
Энди ҳозирги тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, қўшиқчилик бобида ўзимга талабни жуда баланд, ҳатто энг баландини қўйган эканман ўшанда. Қолаверса, адабиётга бўлган муҳаббатим ҳаммасидан кучли эди. Агар таъбир жоиз бўлса, бу муҳаббатни фақат ёрга бўлган муҳаббатга қиёслаш мумкиндир, эҳтимол. Ҳа, мен учун бирламчи – адабиёт эди. Ахир, унда ўша оҳанг ҳам, ўша қўшиқ ҳам, ўша ҳаёт ҳам бор эди-да!..
Хўш, мен буларни нима учун ёзяпман? Оҳанг ҳақида гапиришга озгина маънавий ҳаққим бордир, дея ўзимга ўзим уқтирмоқчиман. Магар шундай ҳақ бўлса, у ҳолда ҳозир сизга айтмоқчи бўлган гапимнинг пўсткалласи – «бугун замонавий оҳанг сизу бизнинг онг ва қалбларимизга қандай таъсир қиляпти?» деган савол атрофида бўлади.
Хуллас, атрофимизни куй, қўшиқ, нағма ва шовқин босиб кетди. Айниқса, клиплар жуда урф бўлди. Мен бу ерда ҳамма нарсадан аввал ана шуларнинг ОҲАНГи ҳақида тўхталмоқчиман. Имкон топсак, матн, манзара, мавзу ҳақида ҳам гаплашармиз.
Шундай қилиб, ОҲАНГ! Бугун телевидение, радио, интернет, диск, флешка ва бошқа техника воситаларида элга тарқатилаётган куй-қўшиқларнинг оҳанги қандай? Ва у нималарга қодир?.. Кузатишимча, бугун у жуда катта ижтимоий-сиёсий ва психологик кучга эга бўлиб улгурди. Бошқача айтсам, ОҲАНГ ОДАМЛАРНИ БОШҚАРЯПТИ! Қандай дейсизми? Қулоғингиз орқали миянгизга кираётган ритм, такт орқали. Ана, супермаркетларда тараладиган мусиқа ва ҳид воситасида инсон кайфиятига таъсир қилиб, уни кўпроқ харид қилишга ундалинаётгани ҳақида олимлар бонг уришмоқда. Энди бугун чор-атрофимизни босиб кетган маза-матрасиз, қиёфасиз, дардсиз нағмаларнинг ботинимизга, сўнг бутун бошли ҳаёт тарзимизга таъсир қилмайди деб айта оламизми?.. Менимча, йўқ! Оммавий маданият нафақат кийиниш, муомала, овқатланиш, ўзни тутиш тарзида намоён бўлади, балки мусиқа ва қўшиқларда ҳам ўзини баралла намойиш этади, этмоқда. Эътибор берган бўлсангиз, тахминан 2000 йилдан бу ёнда пайдо бўлаётган куй-қўшиқларнинг аксар қисмида (таъкидлайман, ҳаммасида эмас, кўпчилигида!) дард йўқ. «Нега?» деймиз ўзимизга ўзимиз савол бериб. Балки одамларнинг ҳаёти бирмунча қулайлашгандир. Комфорт! Дардли оҳанг дарддан туғилади-да! Бугунги оҳанг, тўғрироғи, унинг бузилиши замонавий инсон ҳаётининг акс-садоси! Одам боласи комфорт ҳаётга талпиняпти, эришяпти, бас, у басталаётган куй-қўшиқ ҳам шунга яраша енгил тортяпти... Балки масаланинг яна бошқа сабаблари бордир. Билмадим...
Хуллас, руҳни тарбияловчи оҳангдан маҳрум, агрессив, пала-партиш, ўхшовсиз нағма бугун бутун дунёни босди ва менинг кузатишимча, унинг зарари оммавий қирғин келтирувчи қуроллардан кўп бўлса кўпки, асло кам эмас. Чунки у секин-аста ичимизга ғимирлаб кириб боряпти, онгимиз ва қалбимизни заҳарлаяпти. Бас, ўша қирғин қуролларини отишга рухсатни бергич кучлардан бири ҳам айнан оҳанг, тўғрироғи, оҳангсизлик билан боғлиқ бўлса, не тонг!.. Ошириб юбордингиз, ёқмаса, ана, эшитманг, дейсизми?.. Бунинг иложи йўқ. Эшитмаслик учун бугун ёруғ оламни тарк этиш керак бўлади. Бошқа чораси йўқ. 1990 йил эди, адашмасам. Биз, талабалар пахта теримида, даладамиз. Ҳавода ўша пайтда энди-энди урф бўлаётган маза-матрасиз нағмалар янграяпти. Қаердан бўларди – очиқ далада юрган ҳали у, ҳали бу машинадан, уларнинг магнитафонидан-да. Хуллас, вазиятга қараб туриш учун бириктирилган ўқитувчи, адабиётшунос, нотиқ Раҳмон Қўчқор далага пахта кўчатларидек сочилиб кетган талабалар билан бир-бир гаплашиб ўтиб кетар экан: «Жин урсин, шу қўшиқлар роса жонга тегди-ю!» дея ўз норозилиги изҳор қилди. Мен ҳам жавобан нималардир дедим. Шу, орадан бир ҳафталар вақт ўтди. Раҳмон ака дала айланиб юрар экан, туйқус унинг ўзи худди ўша, ўзи танқид қилган нағмани замзама қилиб кетаётганини эшитиб қолдим: «Ия, Раҳмон ака, ўзингиз сўкиб, ўзингиз хиргойи қиляпсизми?!» десам, «Ҳа, энди нима қилай! Кунда беш-ўн мартадан қулоғингизга киравергандан кейин истар-истамас ўшани хиргойи қилар экансиз-да!» деб жавоб берди. Бу сафар у нафақат нағмадан, балки ўзидан-да норози эди.
Бас, шу мисолда барчаси аён: кўзимизга кўринаётган негатив манзаралардан, қулоғимизга чалинаётган руҳбузар нағмалардан жуда-жуда эҳтиёт бўлиш керак. Инсонни бузиш учун бошқа нарса ўйлаб топишнинг ҳожати йўқ – шуларнинг ўзи етиб ортади.
Оҳангдор сузар жаҳон
Абадиятга томон,
деб ёзганди ўз вақтида ўзбек символистик шеъриятини авж нуқталарга олиб чиққан шоир Ойбек. Шоирнинг қалб қулоқлари жаҳоннинг «юриши»да теран бир оҳангни илғаган эди. Ойбеклар қолдирган мерос ҳам ана шу оҳангга суянар эди. Шунинг учун ҳам Ойбек мансуб адабиётдан социалистик ғояга хизматни соқит қилсангиз, остида ёруғ бир манзара қолади. Ва у ҳаётга, ҳатёпарастликка хизмат қилади. Бироқ оҳангсизлик ёки агрессив оҳанг ҳаётда ҳам, санъатда ҳам негатив оқибатларга етаклаши шубҳасиз. Чунки ҳаёт бу муайян унсурлар орасидаги мувозанат дегани. Ўлим эса ана шу мувозанатнинг бузилиши. Шу маънода, таъбир жоиз эса, айтиш мумкинки, оҳанг ҳаётнинг, оҳангсизлик эса ўлимнинг рамзидир. Адольф Гитлернинг агрессив куйларни ёқтириши ҳақида ўқиганингиз бордир сизнинг ҳам. Қаранг, биз менсимай қарайдиганимиз оҳанг, тўғрироғи, унинг бузилиши, агрессив тус олиши инсон психикасига, кейин дунёқарашига қандай таъсир қилади экан...
«Биз, яъни ўзбек жамияти булар ҳақида етарлича бош қотирамизми?...»деб ўйлаб қоламан баъзан. Ахир, атрофимизни оҳангсизлик босиб кетди-ку!.. Саволга «Бир гап бўлар» дея жавоб берсак керак, яна ўзимизга хос ва мос тарзда. Мен жавобнинг маъносини чақиб беришим мумкин: фақат ёмон бўлади!..
Бас, шундай экан, вақтнинг борида оҳангсизликка эмас, балки ўзида уйғунликни мужассам этган оҳангга хизмат қилиш ҳақида ўйлаб кўриш керак – ҳаётда ҳам, адабиётда ҳам...
Улуғбек Ҳамдамнинг facebook саҳифасидан олинди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter